Микромолиявий хизмат – тадбиркорга мадад
“Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки Наманган вилояти филиали томонидан 2014 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратилган 36 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағи 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини берди.
“Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки Наманган вилояти филиали томонидан 2014 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратилган 36 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағи 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини берди.Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётир. Соҳа равнақида тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредит маблағлари ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Вилоятда сўнгги беш йилда банкларнинг молиявий кўмаги билан 9 мингдан зиёд янги кичик бизнес субъекти ташкил этилгани ва уларнинг сони 15 мингдан ошгани фикримиз далилидир.
– Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 10 ноябрдаги “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2013 йил 29 мартдаги “Микрокредитбанк” очиқ акциядорлик тижорат банкининг капиталлашиш даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур молия муассасасининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларини кенгайтирди, – дейди ушбу банкнинг Наманган вилояти филиали раҳбари Тоҳир Ҳошимов. – Фермерлик, якка тартибдаги тадбиркорлик, оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш, айниқса, қишлоқ жойларда аҳолига микромолиявий хизмат кўрсатиш механизмлари такомиллашди.
Филиал ва минибанклар тизими орқали молиявий инфратузилма кенгайтириб борилаётгани хизмат кўрсатишнинг қўшимча имкониятларини таъминлаб, банк мижозлари учун катта қулайликлар яратмоқда. Бугунги кунда вилоятнинг шаҳар ва туманларида банкнинг 8 филиали ва 4 минибанк мижозларга хизмат кўрсатаётир.
Банк томонидан ўтган йили кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган 36 миллиард сўмдан зиёд кредит маблағининг 18 миллиарддан кўпроғини имтиёзли кредитлар ташкил этади. Жумладан, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида йўналтирилган 5 миллиард сўм имтиёзли микрокредит 600 хотин-қизни иш билан таъминлаш имконини берди.
– Ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, ўз бизнесимни йўлга қўйдим, – дейди Чуст тумани Варзик қишлоғидаги “Sanjar tekstil" хусусий корхонаси раҳбари Муборак Ғаниева. – Бизнес режамни “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки вилоят филиалининг Чуст тумани бўлимига тақдим этдим. Банк томонидан қисқа муддатда тегишли кредит ажратилди. Бизнес режага кўра, кредит эвазига хориждан замонавий тикув дастгоҳи келтириб, тикувчилик цехи ҳамда “Гўзаллик салони” ташкил қилдик. Ҳозир бу ерда 20 га яқин касб-ҳунар коллежи битирувчиси ишламоқда. Келгусида қандолатчилик ва музқаймоқ цехлари, компьютер хизмати кўрсатиш ва автомобилларни ювиш шохобчаларини ишга туширишни режалаштирганмиз. Бу қўшимча 30 янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Банк томонидан 2014 йилда қишлоқда замонавий ва сифатли сервис хизмати инфратузилмасини ривожлантириш учун 4 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилган. Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имтиёзли микрокредитлар ажратиш ва микромолиявий хизмат кўрсатиш имкониятини янада кенгайтирди. Мазкур ҳужжат асосида коллежларни битираётган ёшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида 230 битирувчига чорвачилик, паррандачилик, касаначилик, тикувчилик, савдо-сотиқ ҳамда маиший хизмат йўналишидаги лойиҳалари учун 2 миллиард сўм молиявий кўмак кўрсатилди. Натижада 300 га яқин янги иш ўрни яратилди.
– Фаолиятимни якка тартибдаги хусусий ҳунармандликдан бошлаган эдим, – дейди Учқўрғон туманидаги “Садаф мебеллари” оилавий корхонаси раҳбари Ҳамида Тиллабоева. – Юртдошларимизнинг турмуш маданияти юксалиб бораётгани мебелсозликни янада ривожлантиришни тақозо этмоқда. Бу бизни шу соҳада оилавий корхона ташкил қилишга рағбатлантирди. 2013 йилда “Микрокредитбанк”нинг 7 миллион сўмлик имтиёзли кредити билан иш бошлаган бўлсак, ўтган йили банк яна 20 миллион сўм микромолиявий кўмак берди. Бу қўшимча дастгоҳлар, хомашё сотиб олиш, яна тўртта янги иш ўрни яратиш имконини берди.
“Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки Наманган вилояти филиали томонидан жорий йилда кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш учун 47 миллиард 428 миллион сўмлик кредит ажратиш режалаштирилган. Йилнинг биринчи чорагида тадбиркорлик субъектларига берилган 10 миллиард сўмга яқин кредитнинг 3 миллиард сўми имтиёзли микрокредитлардир. Тадбиркор аёлларга ажратилган бир ярим миллиард сўмга яқин имтиёзли микрокредит эвазига 300 нафардан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланди.
Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараларидир.