МИБ хабарлари – қисқа сатрларда
Ота алимент пулини олиндан тўлади
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси Чуст тумани бўлими иш юритувидаги алимент билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш давомида қарздор ота фарзандлари моддий таъминоти учун 5 йиллик давр учун олдиндан пулни тўлаб берди.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг 2013 йилдаги буйруғига кўра, фуқаро И.З. дан ундирувчи Д.Ғ. фойдасига 2 нафар фарзанди учун алимент ундириш белгиланган. Қарздор отага пулни ўз вақтида тўлаб бориши кераклиги тушунтирилган.
Қарздор ота алимент маблағларини ўз вақтида тўлаб келаётган эди. Давлат ижрочиси томонидан И.З.га амалдаги тартибга кўра, олдиндан ёки вояга етгунга қадар моддий таъминотини тўлаши мумкинлиги тушунтирилди. У бундан хулоса қилиб, алимент маблағларини болалари учун олдиндан 5 йиллигини тўлаши юзасидан Бюрога мурожаат қилди. Мазкур мурожаати ўрганилиб, унинг фарзандлари учун олдиндан 5 йиллик ҳисоб-китоб қилинганда 78 миллион 855 минг сўмни ташкил этди. Фуқаро И.З. ҳисобланган пулларни бир йўла тўлади ва ундирувчи номига расмийлаштирилган пластик картага ўтказиб берилиши таъминланди.
12 нафар ўқитувчининг иш ҳақи ундириб берилди

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2022 йил 19 февралдаги ижро варақасига асосан, қарздор Мингбулоқ тумани халқ таълим бўлимидан, ундирувчилар 12 нафар муаллим фойдасига 109 миллион 200 минг сўм иш ҳақи ундириш белгиланган.
Мазкур ҳужжат МИБ туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритуви қўзғатилган. Ижро ҳаракатлари давомида, туман ХТБга қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаш учун муддат берилган. Лекин, қарздорлик тўланмагач, иш мажбурий ижро ҳаракатларига қаратилди. Натижада, қисқа муддатда ўқитувчиларнинг иш ҳақлари yндириб берилди.
Алимент тўловчилар ишга жойланди
МИБ органлари томонидан алимент билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ташкил этилмоқда. Поп туманининг Ғурумсарой қишлоғида бўлиб ўтган навбатдаги бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасига иш билан банд бўлмаган меҳнат мигрантлари ва алимент тўловчилари таклиф этилди.
Туман прокуратураси, МИБ туман бўлими ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган ярмаркада 22 та корхона ва муассаса 315 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.
Ярмарка якунлари билан таклиф этилган 67 нафар меҳнат мигранти ва алимент тўловчиларининг 32 нафарига ташкилот, муассасаларга ишга йўлланма олишларига кўмаклашилди.
Фарзандлари келажагини унутмаган ота 115 миллион алимент тўлади

МИБ Наманган шаҳар бўлими томонидан яна бир алимент билан боғлиқ ҳужжат ижроси тўлиқ таъминланди. Бунга, қарздор ота 2 нафар боласи вояга етгунга қадар ҳисобланган суммани тўлиқ тўлаб бергани асос бўлди.
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суд буйруғига асосан Б. А. дан ундирувчи М. Қ. фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган эди.
Маълум бўлишича, қарздор шу пайтгача алимент пулларини ўз вақтида тўлаб келган. Шунингдек, Б.А. фарзандлари вояга етгунга қадар бўлган алимент пулларини олдиндан бирйўла тўлаб бериш мақсадида давлат ижрочисига мурожаат қилган.
Қарздорнинг фарзандлари 18 ёшга тўлгунга қадар ҳисобланган 115 миллион сўм алимент пули ундирувчи номига расмийлаштирилган пластик карта орқали ўтказиб берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА