МИБ: сайёр судда учта оила яраштирилди
Фарзанд таъминоти ҳар бир ота-онанинг қонуний ва маънавий бурчи. Ана шу масъулиятни таъминлаш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармасининг Янгиқўрғон тумани бўлими биносида сайёр суд мажлиси ташкил этилди.
Унда алимент тўловлари билан боғлиқ ижро ҳужжатлари, қарздорлик ҳолатлари ҳамда оилалардаги ижтимоий муносабатлар атрофлича муҳокама қилинди. Суд жараёнларида фарзанд таъминотига бефарқ бўлган шахсларга нисбатан қонун устуворлиги таъминланди.
Жумладан, жиноят ишлари бўйича туман суди ва туман ички ишлар бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида алимент тўловидан бўйин товлаб келган 15 нафар фуқарога нисбатан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу каби чоралар, аввало, болаларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш ва масъулиятсизликка барҳам беришга қаратилгани таъкидланди.
Қолаверса, сайёр суд нафақат жазо, балки оилаларни сақлаб қолиш, муроса ва келишувга эришиш майдонига ҳам айланди. Суд жараёнлари давомида ажрим ёқасида турган учта оила яраштирилиб, фарзандлар келажаги учун муҳим бўлган келишмовчиликлар тинч йўл билан ҳал этилди.
Эътиборли жиҳати, олтита ижро ҳужжати бўйича қарздорлар томонидан жами 127 миллион сўм алимент маблағи суд жараёнининг ўзидаёқ тўлиқ ундирилди. Бу эса, олиб борилаётган қатъий назорат ва ҳуқуқий таъсир чораларининг амалий самараси бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА