МИБ ноқонуний ишларга чек қўймоқда
Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилоят бошқармаси ҳудудий бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан ўтказган мониторинг кузатувларида қатор ноқонуний ҳолатлар қайд этилди.
Андижон шаҳрининг Чинобод кўчасида жойлашган “B.F.” масъулияти чекланган жамиятига тегишли умумий овқатланиш шохобчасида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келинаётганлик ҳолати аниқланди. Текширувлар давомида жамият раҳбари таъминотчи корхонага тегишли тартибда мурожаат этмасдан электр ҳисоблагични ўзбошимчалик билан алмаштиргани маълум бўлди. Соҳа мутахассисларининг хулосасига кўра, жамият томонидан таъминотчи корхонага жами 12 миллион 36 минг сўмдан зиёд миқдорида моддий зарар етказилган.
Мажбурий ижро бюроси Бўстон тумани бўлими ходимларининг ўрганишлари натижасида туманнинг Гулистон маҳалласи ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган «М.О.» оилавий корхонасига қарашли «Оталар чойхонаси»да ҳам таъминотчи корхона билан шартнома тузмасдан табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олинган. Ушбу ҳолат бўйча далолатнома расмийлаштирилиб, чойхона мутасаддиларига тегишли чоралар кўрилди.
Марҳамат тумандаги «Янги ҳаёт» маҳалласи ҳудудида фаолият олиб бораётган масъулияти чекланган жамиятига қарашли ғишт ишлаб чиқариш заводида ҳам электр энергияси тармоғига таъминотчи корхона билан шартнома тузмасдан, ўзбошимчалик билан уланиб олингани ва токдан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланди.
Хўжаобод туманида олиб борилган тадбирлар давомида туманнинг Чироқчи маҳалласида иш олиб бораётган тадбиркорга қарашли бетон ғишт ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган объектда ўрнатилган электр ҳисоблагич ушбу тадбиркор номидаги «ПК-Электрҳисоб» дастуридаги электр ҳисоблагич билан мос эмаслиги маълум бўлди. Бундан ташқари, тадбиркор тегишли техник лойиҳа ҳужжатлари муддати ўтиб кетган бўлсада, электрдан ўзбошимчалик билан фойдаланиб келаётганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Бюронинг Избоскан туман бўлими ходимлари тумандаги Чўртонлик маҳалласи ҳудудида фаолият кўрсатаётган балиқчилик йўналишидаги фермер хўжалигига тегишли ошхонадаги электр ҳисоблагич ўзбошимчалик билан алмаштириб олиниб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилаётгани, Бештерак маҳалласидаги фермер хўжалигининг сутни қайта ишлаш цехида эса газ ҳисоблаш ускунаси ўзбошимчалик билан алмаштириб олинганлиги аниқланди.
Пахтаобод тумани «Сувоқова» УКга қарашли сув минораси ҳамда Жалақудуқ тумани, Ҳамзаобод маҳалласидаги фермер хўжалиги ҳам электр энергиясидан ҳисоблагичсиз фойдаланиб келаётганлиги маълум бўлди.
Бюронинг туман, шаҳар бўлимлари ходимлари томонидан аниқланган юқоридаги каби ҳолатлар бўйича тегишли далолатномалар расмийлаштирилиб, қоидабузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.