МИБ: Миграция агентлигига нисбатан ижро ҳаракатлари тўхтатилгани йўқ
Ижтимоий тармоқларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ ходимларини ишга тиклаш ва улар фойдасига пул ундириш бўйича суд қарорлари ижро этилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан ЎзАга Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати томонидан расмий маълумотнома тақдим этилди:
"Мажбурий ижро бюроси Олмазор туман бўлими иш юритувида тугатилган Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан 126 та ижро ҳужжати бўйича жами 13,6 миллиард сўмлик қарздорликни ундириш ва 28 нафар собиқ ходимни ишга тиклаш ҳақида суд қарорлари мавжуд.
Президентнинг ПФ-162-сонли фармонига кўра, эски агентлик тугатилиб, унинг вориси сифатида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида янги Миграция агентлиги ташкил этилган. Шу боис МИБ давлат ижрочиси қонунчиликка асосан қарздорлик ва ишга тиклаш мажбуриятини янги Агентлик зиммасига юклаш ҳақида қарор чиқарган.
Аммо янги Миграция агентлиги бу қарордан норози бўлиб судга мурожаат қилган. Оқибатда, Тошкент шаҳар маъмурий судининг 09.09.2025 йилдаги ажрими билан МИБнинг қарздорликни янги Агентликка ўтказиш ҳақидаги қарорлари бекор қилинган. Шаҳар прокуратураси томонидан киритилган протест ҳам суднинг тафтиш инстанцияси томонидан рад этилган.
Яъни, амалдаги суд қарорлари МИБнинг янги Агентликдан пул ундириши ва ходимларни ишга тиклашига ҳуқуқий тўсиқ бўлиб турибди.
Юзага келган ушбу ҳуқуқий мавҳумликни бартараф этиш ва ижро механизмини аниқлаштириб олиш мақсадида, МИБ 2026 йил 4 июнь куни Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига мурожаат қилиб, суд қарорини ижро этиш тартибини тушунтириб беришни сўраган.
Келгуси ижро ҳаракатлари суднинг тегишли кўрсатмаси ва аниқ тушунтириши олинганидан сўнг қонуний тартибда давом эттирилади".