МИБ аралашуви орқали қарз ундирилди
Гулистон туманлараро иқтисодий суди қарори асосида “Ҳудудгазтаъминот” фойдасига 100 миллион сўм миқдордаги қарздорлик мажбурий тартибда ундирилди. Мажбурий ижро бюросининг Ховос тумани бўлими қарздор корхонадан қарз маблағини тўлиқ ундиришни таъминлади.
МИБ маълумотларига кўра, қарздор корхона суд қарори чиқарилгандан сўнг белгиланган муддатларда қарзни ихтиёрий равишда тўламаган. Шу сабабли ижрочилар томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари бошланган ва қарздорнинг айрим мулклари хатланган.
Кўрилган чоралар натижасида 100 миллион сўмлик қарздорлик нақд тарзда ундирилиб, “Ҳудудгазтаъминот” корхонаси ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.
Ташкилот мутасаддилари қайд этишича, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши газ таъминоти тизимининг барқарор фаолият юритиши, хизматлар сифатини ошириш ва истеъмолчилар олдидаги мажбуриятларни ўз вақтида бажаришда муҳим аҳамиятга эга.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири