Мева-сабзавот мўл бўлади
Президентимизнинг 2006 йил 9 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш, боғдорчиликни ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Президентимизнинг 2006 йил 9 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш, боғдорчиликни ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.Ушбу ҳужжат ижроси доирасида боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ислоҳ қилиш, юқори ҳосилдорликка эришиш, янги боғлар яратиш, кўчатларни турли касалликлардан асраш, навларни янгилаш, мева ва сабзавотнинг экспорт ҳажмини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
Андижон вилоятида боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган 1 минг 969 фермер хўжалиги самарали фаолият кўрсатмоқда.
Жорий йилда вилоятда 493,6 минг тонна мева, 71,4 минг тонна узум етиштириш режалаштирилган. Боғдорчиликнинг изчил ривожлантирилаётгани, хусусан, етиштирилаётган мева-сабзавотни хорижга сотиш вилоят экспорт салоҳиятининг юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йил 169,2 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилиш кўзда тутилган.
Мавжуд боғлардаги кўчатларни янгилаш, янги боғлар яратиш ва боғ қатор ораларидан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда вилоятда 968 гектар янги, 3 минг гектар интенсив боғ барпо этилмоқда. Уларга пакана ва ярим пакана мевали кўчатлар экилди.
Боғдорчилик борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган вилоятда боғ парваришида илғор технология ва тажрибалардан самарали фойдаланилмоқда. Боғлар ораларига сабзавот ва полиз экинлари экиш, улардан мўл ҳосил олиш яхши самара бераётир.
Хўжаобод туманидаги “Оқ йўл”, “Обид хўжа”, Қўрғонтепа туманидаги “Боғи Фурқат”, Булоқбоши туманидаги “Абдурашид”, Марҳамат туманидаги “Баланд дарвоза”, “Жалолиддин сара боғлари”, Жалақудуқ туманидаги “Тоҳиржон боғбон”, Балиқчи туманидаги “Эргашали Усмон боғи”, Асака туманидаги “Қамчибек ери”, “Шархон жаннат мевалари” сингари илғор боғдорчилик фермер хўжаликларида ишлар намунали ташкил этилган.
Қўрғонтепа туманидаги “Боғи Фурқат” фермер хўжалигида мутлақо янги йўналишдаги боғдорчилик усули жорий этилган.
– Илғор ва самарали усуллар асосида иш юритиш муваффақиятлар омили бўлмоқда, – дейди Андижон вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Абдумуталлиб Сулаймонов. – Андижон қишлоқ хўжалиги институти олимлари ҳамда мутахассисларимиз томонидан вилоят шароитида интенсив боғлар яратиш, кўчатларни жойлаштириш, экиш технологияси, умуман, илғор усулларни жорий этиш бўйича тавсия ва услубий қўлланмалар тайёрланиб, соҳа ходимларига етказиб берилди. Узум ва мевали боғларни турли касаллик ва зараркунандалардан асраш, бу борада боғбонларга амалий ёрдам кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Ушбу йўналишда иш олиб бораётган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида ўқув семинарлар ташкил этилиб, мутахассислар томонидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.
Вилоятдаги боғларнинг асосий қисми қир-адирда жойлашган. Бундай шароитда сув танқислиги, тупроқда намликнинг узоқ сақланмаслиги ҳисобга олиниб, суғоришда тежамкор ва самарали усуллардан фойдаланилмоқда. Айниқса, томчилатиб суғоришнинг жорий этилиши сувни тежаш имконини бермоқда. Оддий усулда бир гектар майдондаги боғни суғориш учун 500-600 метр куб сув сарфланса, томчилатиб суғоришда бу кўрсаткич 250-300 метр кубни ташкил этади. Майдонни минерал ўғитлар билан озиқлантиришда ҳам бундай усулнинг қатор афзалликлари мавжуд. Ўғит сув билан эритма ҳолда айнан кўчат тупларининг ўзига берилади. Бу ҳосилдорликнинг ортиши билан бирга, нотекис ерларда тупроқ эррозиясининг олдини олишга ҳам хизмат қилмоқда.
Айни пайтда мева-сабзавот ва узумни қайта ишлаш ҳам доимий эътиборда. Хўжаобод туманидаги “Навигул” корхонаси, Балиқчи туманидаги “Андижон ўзбегим” очиқ акциядорлик жамияти, Марҳамат туманидаги кўп тармоқли “Манзур” фермер хўжалиги бу борада яхши натижаларга эришмоқда.
– 2003 йилда мевани қайта ишлашни бошлаган эдик, – дейди “Манзур” фермер хўжалиги раҳбари Жамолиддин Умаров. – Кейинчалик консерваланган бодринг, помидор ва томат пастаси тайёрлашни йўлга қўйдик. Ўтган йили 120 миллион сўмликдан зиёд қайта ишланган маҳсулот харидорларга етказиб берилди. Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларимизни янги босқичга кўтариш, фаолиятимизни янада кенгайтириш ва экспорт ҳажмини оширишимизга хизмат қилади.