Мева-сабзавот етиштириш кўпаймоқда
Серқуёш юртимизда етиштирилган мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари мазаси ва фойдали элементларга бойлиги билан хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Серқуёш юртимизда етиштирилган мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари мазаси ва фойдали элементларга бойлиги билан хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.Халқаро экспертлар фикрича, Ўзбекистонда етиштирилган боғ ва полиз маҳсулотлари бебаҳо истеъмол хусусияти, яъни таркибида табиий шакар, амино ҳамда органик кислоталар, саломатлик учун муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 80 давлатига 180 дан ортиқ турдаги мева-сабзавот ва қайта ишланган тайёр маҳсулотларни экспорт қилмоқда. Ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш бўйича жаҳондаги ўнта етакчи давлат қаторида туради.
Президентимизнинг шу йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Фарғона вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми тобора ортмоқда. Аҳолини йил давомида мева-сабзавот билан узлуксиз таъминлаш мақсадида замонавий технология асосида иссиқхоналар ташкил этиш, боғ ва токзорларни кенгайтириш, етиштирилган ҳосилни куз-қиш даврида сақлаш учун омборхоналар қуришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, жорий йилда вилоятда 1 миллион 947 минг тонна мева-сабзавот, полиз, картошка ва узум етиштириш режалаштирилган. Унинг 300 минг тоннаси экспорт қилинади. Инвестиция дастури доирасида 16,8 минг тонна сиғимли мева-сабзавотлар сақлашга ихтисослашган янги музлатгичли омборхоналар қурилмоқда. Бу ҳудуддаги омборхоналар ҳажмини қарийб 70 минг тоннага етказиш имконини беради.
Чет эл инвестицияси иштирокида фаолият кўрсатаётган 12 агросаноат корхонаси қайта ишланган сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга сотмоқда.
– Ташқи бозордаги талаб ва эҳтиёжни ўрганган ҳолда иш бошлаган 17 агрофирма фаолиятини самарали ташкил этиш, шу орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш асосий мақсадларимиздан биридир, – дейди Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Фарғона филиали директори Шокиржон Аҳмедов. – Фермер хўжаликлари ва агрофирмалар раҳбарларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш масалаларида хорижий давлатларда малака ошириш, халқаро ярмаркаларда иштирок этишини таъминлаш ҳам доимий эътиборда.
Замонавий тараққиёт мезонлари асосида ташқи бозорни ўрганиш, халқаро кўргазмаларда қатнашиш, сертификат ва лицензиялар олиш каби йўналишларда ҳам фермер хўжаликлари тажрибаси ортиб бормоқда.
Олтиариқ туманидаги “Хайрулло Баҳром Бойматов” фермер хўжалиги раҳбари Исоқжон Бойматов Германияда ўтказилган “Яшил ҳафта – 2016” халқаро кўргазма ярмаркасида иштирок этди. Жаҳон бозорида харидоргир узум навларини етиштириш, ҳосилни янги мавсумгача замонавий музлатгичли омборхоналарда сақлаш борасида катта тажрибага эга фермер ярмарка доирасида янги ҳамкорлар топди.
– Қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик бўйича ярмарка иштирокчилари билан ўзаро тажриба алмашдим, – дейди фермер Исоқжон Бойматов. – Яқин келажакда туманимизда етиштирилаётган ўнлаб турдаги узумларни Европа давлатларига экспорт қилишни бошлаймиз. Бу борада дастлабки шартномалар имзоланди.
Пахта ва бошоқли дон экин майдонларининг қисқартирилиши, уларнинг ўрнига сабзавот, полиз ва картошка экинлари экилиши жаҳонда давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ички истеъмол бозорини йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, айниқса, қиш-баҳор мавсумида мева-сабзавот сероб бўлишига мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Мамлакатимиздаги қайта ишлаш корхоналарига хомашё ресурсларини мунтазам етказиб бериш, ташқи бозорда харидоргир ва рақобатбардош бўлган мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган товарларни экспорт қилиш ҳажми ва турини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва харид қилиш бўйича ягона тизимни шакллантириш мақсадлари кўзланган мазкур қарорга кўра, эндиликда мева-сабзавот давлат буюртмаси бўйича, фермер ва деҳқон хўжаликлари билан келишилган ҳолда, бозор нархларида харид қилинади. Бу соҳада самарадорликни янада ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.