Метро вагонларида совутиш тизими ишламаслиги юзасидан эътирозлар бор
Жамоат транспорти — бу хизмат кўрсатиш соҳаси. Демак, ҳар бир йўловчи учун қулай ва хавфсиз шароит таъминланиши шарт. Агар совутиш тизими мавжуд бўлса, у доимий техник назорат остида бўлиши керак. Акс ҳолда, у фақат расмий жиҳатдан “бор”, амалда эса ишламайдиган қурилмага айланиб қолади.
Тошкент метрополитенида йўловчилар томонидан билдирилаётган асосий эътирозлардан бири — вагонларда ва айрим бекатларда совутиш тизими ишламаслиги ёки етарлича совутмаслиги. Иссиқ ҳавода бу ҳолат нафақат ноқулайлик, балки саломатлик учун ҳам хавфли бўлиб қолмоқда: нафас олиш қийинлашиши, бош айланиши ва ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Пойтахтнинг аксарият кўчаларида автотураргоҳ етишмаслиги сабаб ишга бориш учун метрода ҳаракатланишни афзал кўрдим. Бироқ ҳаво ҳарорати кўтарилган бугунги кунларда метронинг энг сезиларли муаммоларидан бири тирбандликдан ҳам кўра кўпроқ ишламаётган совутиш тизими экани аён бўлди.
Йўловчиларнинг таъкидлашича, айрим поездларда совутиш тизими умуман ишламайди ёки жуда кучсиз ишлайди. Бу эса вагон ичида ҳарорат кўтарилиб кетишига сабаб бўлмоқда. Метро каби йўловчилар оқими юқори бўлган тизимда бу каби техник муаммо оддий ҳолат эмас, балки тизимли ечим талаб қиладиган масаладир.
Мазкур муаммони ҳал қилиш учун иситиш-совутиш тизимларини мунтазам техник кўрикдан ўтказиш, эски вагонларни босқичма-босқич янгилаш, ёз мавсуми олдидан профилактик таъмир ишларини кучайтириш ҳамда йўловчилар шикоятларини тезкор қабул қилиш тизимини жорий этиш зарур.
Иссиқ об-ҳаво шароитида Тошкент метрополитени каби муҳим инфратузилма объектларида совутиш тизими ишламаслиги хизмат сифатига нисбатан ишончни пасайтирувчи омилдир. Йўловчилар ҳар куни хавфсиз ва қулай шароитда ҳаракатланиш ҳуқуқига эга. Муаммо эса тезкор ва самарали ечим талаб қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА