Месси учун омадсиз бошланган чемпионат
Қатарда бўлаётган жаҳон чемпионатида Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Месси жамоасининг Саудия Арабистонидан шов-шувли мағлубиятига изоҳ берар экан, “ўзимизни оқлашга ҳаққимиз йўқ, биз ҳар қачонгидан ҳам кучли бўлишимиз керак. Кўриб турганимиздек, гуруҳумиз жуда кучли”, деди.
“Энди биз узоқ вақт дуч келмаган вазиятга тушиб қолдик. Мағлубият барчамиз учун оғир зарба бўлди, ҳаммаси шундай бошланишини кутмагандик», – дея келтиради Мессининг сўзларини миллий терма жамоаси Twitter-аккаунти.
Саудия Арабистони мураббийлар штабидан хабар қилинишича, Аргентина устидан қозонилган ғалаба туфайли ҳар бир ўйинчи 2,5 миллион евродан мукофот пули олади.
Бундан ташқари, чоршанба куни Саудия Арабистони подшоҳлигида дам олиш куни деб эълон қилинди, деб ёзмоқда Arab News агентлиги.
Режада кўрсатилмаган дам олиш куни подшоҳликнинг барча давлат хизматчилари ва хусусий сектор вакиллари, шунингдек, талабалар ва мактаб ўқувчилари учун жорий қилинди.
Саудия Арабистони таълим вазирлиги маълум қилишича, чоршанба кунига белгиланган ҳар қандай имтиҳон 7 декабрга кўчирилади. Саудиянинг Tadawul фонд биржаси ҳам чоршанба куни савдоларни тўхтатганини, пайшанба куни қайта бошлашини маълум қилди.
Мазкур ўйин бир неча сабабга кўра жаҳон чемпионати тарихига кирадиган бўлди. Биринчидан, икки марта жаҳон чемпиони бўлган Аргентина жамоаси 1990 йилдан буён биринчи бор чемпионатнинг биринчи тур ўйинида мағлубиятга учради. Иккинчидан, Саудия Арабистони аргентиналикларни қаторасига 36 та мағлубиятсиз ўйиндан кейин тўхтатди.
Етти марта “Олтин тўпни” қўлга киритган Лионель Месси Қатарда кечаётган жаҳон чемпионати унинг учун ҳужумчи сифатида охиргиси бўлишига ишора қилди.
Энди Аргентина миллий терма жамоаси навбатдаги учрашувни Мексика терма жамоаси билан ўтказади.