Мерганларнинг байрамона беллашуви
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши томонидан ўтказилган ҳаво милтиғидан ўқ отиш бўйича вилоят биринчилигининг финал босқичи амалий ва назарий жиҳатдан эътиборга молик шундай мусобақалардан бири бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллиги муносабати билан жойларда ўтказилаётган турли маърифий-ҳуқуқий тарғибот тадбирлари доирасида спорт мусобақалари ўзининг оммабоплиги билан алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши томонидан ўтказилган ҳаво милтиғидан ўқ отиш бўйича вилоят биринчилигининг финал босқичи амалий ва назарий жиҳатдан эътиборга молик шундай мусобақалардан бири бўлди.
Наманган шаҳар ўқув спорт-техника клубининг ўқ отиш мажмуасида ўтказилган мусобақада 8 ёшдан 31 ёшгача бўлган 160 дан зиёд спортчи, жумладан, 81 спортчи қиз ВП-3 (ҳаво милитиғи) ва ПП-1 (ҳаво тўппончаси) машқида мерганлик борасида баҳслашди.
Мусобақанинг якуний натижасига кўра, ВП-3 машқида ўғил болалар ўртасида Ж.Аҳмедов, қизлар ўртасида Д.Ҳайдарова (Наманган шаҳри), ўсмирлар ўртасида А.Абдувоҳидов, ўсмир қизлар ўртасида А.Себова, эркаклар ўртасида М.Турсунов (вилоят Техник ва амалий спорт турлари маркази), аёллар ўртасида Ғ.Юсуповага (Наманган шаҳар ўқув спорт-техника клуби) тенг рақиб топилмади.
ПП-1 машқида эса ўсмирлар ўртасида М.Камолов (вилоят Техник ва амалий спорт турлари маркази), ўсмир қизлар ўртасида Г.Ҳакимова (Наманган шаҳар ўқув спорт-техника клуби), эркаклар ўртасида В.Кондаков (вилоят Техник ва амалий спорт турлари маркази), аёллар ўртасида К.Исҳоқова (Наманган шаҳар ўқув спорт-техника клуби) нишонларга энг кўп ва энг аниқ ўқ отиб, биринчилик ғолиби бўлди.
Умумжамоа ҳисобида мусобақа шоҳсупасининг энг юқори поғонасини вилоят Техник ва амалий спорт турлари маркази жамоаси эгаллади. Иккинчи ўрин Наманган шаҳар ўқув спорт-техника клуби ва учинчи ўрин Чортоқ тумани ўқув спорт-техника клуби жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар медаллар, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.