«Мен ўша ўр, мен ўша зўрман»
Шоир Абдураззоқ Обрўйни танимаган адабиёт ихлосмандлари бўлмаса керак. Унинг ижоди сатира булоғидан сув ичиб туради.
Шоирни илк бор кўрган киши ҳам унинг содда табиатида беғубор ҳазил борлигини дарров пайқайди. Фалакнинг гардишини қарангки, ЎзТАГ (ҳозирги – ЎзА)да меҳнат қилиб юрган қаламкашни ёзувчи Неъмат Аминов «Муштум» журналига ишга таклиф қилади ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, «Муштум»да у, кимсан – Абдураззоқ Обрўй, бўлиб танилади. Кейин яна кутилмаганда адабий доиралардан узоқлашиб кетди. Мудофаа вазирлиги қошидаги газетада иш бошлади. Ҳарбий либосда юрган пародиячи шоирни шаҳар кўчаларида баъзи-баъзида кўриб қолардик. Пешонада ёзилгани бўларкан, шоир ҳарбийликдан «нафақа»га чиқди.
Аммо, ижоддан "нафақа"га чиқиш йўқ...
Пародия деганда, замонавий ўзбек шеъриятида, аввало, устоз Турсунбой Адашбоев билан Абдураззоқ Обрўй сиймоси кўз ўнгимизда пайдо бўлади. Маълумки, биз пародия деяётган жанрнинг замирида енгил юмор, ҳажв ётади. Адабиётимизда бу йўлда қалам тебратган соҳиби қаламлар жуда кўп бўлмаса ҳам, ҳарқалай, етарли. Завқий, Гулханий, Муқимий... Ҳатто, жуда эрта юртдан чиқиб, бор умрини мусофирлик, ғурбатда ўтказган Фурқат ижодида ҳам ҳажв борлигига нима дейсиз?... Кейинчалик Саид Аҳмад, Неъмат Аминов, Анвар Обиджонлар бу йўлда бири биридан гўзал асарлар битишди. Атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов бошқа ҳеч нима ёзмаганларида ҳам биргина «Матмуса»си билан номини тарихга муҳрлаб қўйиши мумкин эди.
Инсон боласининг аксар умри меҳнатда ўтса ҳам табиатида кулгига ташналик бор. Шу боис, ҳажвни, кулгини яхши қабул қилади. Юмордан завқ олади.
Шоирларимиз асарларидаги ўзбекона юморни биз умумлаштириб, шарқона ҳазил, деймиз. Ана шу шарқоналик замирида ҳаётий ҳақиқат бор бўйи билан ётганига ҳам кўп бор гувоҳ бўламиз. Абдураззоқ Обрўйнинг ҳазил шеърлардан иборат янги китоби – «Мен ўша ўр, мен ўша зўрман» шоирнинг ана шундай юморга йўғрилган ҳажвий шеърларидан ташкил топган. Унинг қуйидаги шеърига эътибор беринг:
НИМАНГ БОР, ДУНЁ?!
Қўйиб юбор ёқамни, дунё,
Нега олдинг чақамни, дунё?
Қандай боқай боламни, дунё?
Ўзи сенинг инсофинг борми?!
Суякни ҳам ютасан, жаноб,
Туёқни ҳам ютасан, жаноб,
Таёқни ҳам ютасан, жаноб,
Ўзи сенинг, хўш, қорнинг ғорми?!
Кимдир дейди дунё беш кунлик,
Кимга керак ўзи тушкунлик?
Қайга кетган айтгин жўшқинлик?
Камтар одам шунчалик хорми?!
Тишламаган кучук кўрмадим,
Қўрқмаганда учуқ кўрмадим,
Аччиқ кўрдим, чучук кўрмадим,
Ўзи сенинг юрагинг борми?!
У десам ҳам гапга кирмайсан,
Бу десам ҳам гапга кирмайсан,
Айтгин, нега гапга кўнмайсан,
Ўзи сенинг қулоғинг борми?!
Ниманг бўлса, майлига бўлсин,
Камбағальнинг толейи кулсин,
Катталар ҳам гапида турсин,
Уларнинг ҳам дунёси орми?!
Дарвоқе, яқинда шоирни тасодифан кўчада учратдим. Бироз чўкиб қолибдиларми, деган ўй ўтди. У эса «Юрак сал панд берди, жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлдим, судралиброқ юришим шундан», дея изоҳ берган бўлиб, жилмайди.
Эҳ, шоир, эҳ, унинг юраги. Биз кулги ўрнида қабул қилаётган ҳазиллар, юморлар кулги – қаҳқаҳага айлангунга қадар қалбда кучли оғриқ бўлганини, юзида ҳамиша балқиб турган табассум эса ана ўша оғриқнинг акси эканини кўп ҳам англайвермаймиз.
Китоб сўнгида шоир ўзи ҳам бу аччиқ ҳақиқатни тан олгандек бўлади:
Интилмасам тилак кўнмайди,
Курашмасам билак кўнмайди.
Олов бўлиб ёниб турмасам,
Қайнамасам юрак кўнмайди.
Шеърият мухлислари Абдураззоқ Обрўйнинг янги китобини ўқиса, албатта завқ олади.
А.Нарзуллоев, ЎзА