Мен кўнгил териб юрибман, кўнгил...
Мен бир йўловчиман... Йўлдаман ҳамон, Умрим шу йўлларда ўтар муттасил.
Мен бир йўловчиман...
Йўлдаман ҳамон,
Умрим шу йўлларда ўтар муттасил.
Ҳеч кимга озорим тегмайди, қўрқманг,
Мен кўнгил териб юрибман, кўнгил.
Тунларни етаклаб кунга бераман,
Гарчи
Дард босар кўксимга дудоқларини.
Мен кўнгил тераман, тергандай кимдир
Ерга тўкилган нон ушоқларини.
Сув ва олов учрашган жойда
Бир кимса кетибди кўнглин қолдириб...
Ҳашаматзодалар устидан кулманг,
Аслида кўнгилдан кетганман бойиб.
Қайдан ҳам биласиз,
Гуллар кўзида
Менинг бор хазинам этилган пинҳон.
Тинглаб кўрганмисиз
Аллоҳ атрини
Сочиб куйлаганда маҳфуза райҳон?
Чанг босган ғуборли кўнгилларни то
Ювгунча гоҳида етмас кўз ёшим.
Жонимга харидор келгунга қадар
Кўнгил териш учун етар бардошим.
Мен бир йўловчиман, умри елкада-
Азоблар кўзини пиширган ҳил-ҳил.
Кеча ва кундузнинг кўчаларида-
Ҳайқираман:
Кўнгил тераман, кўнгил.
***
Бошқа дунё йўқдир, исмингдан ўзга,
Бахтларни ғамларга қилдим бадарға.
Ёриб шамолларнинг кўкракларини,
Хорлар чечак бўлди мен қилган зорга.
Мен сени нақадар севаман.
Умрим коинотнинг умридан узун,
Умрим, қўқрқоқдирсан, сен-да бир ожиз.
Даҳшат ўрмонлари ичра ногаҳон,
Парига айланди қадим ялмоғиз.
Мен сени нақадар севаман.
Уфқлар бош урган юрак меники,
Соғинчлар меники, меники азоб.
Жаннатга айланган дўзах мисоли,
Узун дарёларга айланди сароб,
Мен сени нақадар севаман.
Бир кун ҳур жонимни сўраса ажал,
Гуноҳ қозонига кираман бардам.
Исминг жаннатида узоқ яшайман,
Дўзах оловида куйиб туриб ҳам,
Мен сени нақадар севаман.
Ҳалима Аҳмедова, шоира