“Мен ғолиб”: марафон ғолиблари тақдирланди
Нукусда “Мен ғолиб” шиори остида оммавий югуриш марафони бўлиб ўтди. Унда ҳарбий хизматчилар, спортчилар, талаба-ёшлар, мактаб ўқувчилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ушбу мусобақани ўтказишдан мақсад, ёшларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва уларда Ватанга садоқат руҳини мустаҳкамлашдан иборат.

Қизиқарли ўтган югуриш марафони якунида биринчи ўринни эркаклар орасида Р.Искандаров, иккинчи ва учинчи ўринларни Э.Тилеумуратов ва Б.Худойбергенов қўлга киритди. Аёллар ўртасида эса, Э.Ахболатова ғолибликни қўлга киритган бўлса, фахрли иккинчи ва учинчи ўринлар Д.Даубоева ва Ш.Халмуратовага насиб этди.

Мусобақа якунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Спорт вазирлиги ҳамда мусобақа ташкилотчилари сўзга чиқиб, ғолибларни муборакбод этди. Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом, медаль ҳамда пул мукофоти билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.