Мелони: Энергия инқирозига қарши кескин чора зарур
Энергия нархи билан боғлиқ босим сақланиб қолаётган бир пайт Италия Бош вазири Жоржа Мелони Европа Иттифоқи давлатларини қўшимча чоралар кўришга чақирди. Унинг таъкидлашича, мавжуд вазиятни енгиллатиш учун ҳам миллий даражада, ҳам қитъа миқёсида фавқулодда саъй-ҳаракат талаб этилади.
ЕИ рақобатбардошлиги бўйича норасмий ишчи гуруҳ йиғинида сўз олган Мелони қисқа ва ўрта муддатли хавфни камайтириш учун янги инвестиция зарурлигини айтди. Шунингдек, Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйенга Италия таклифи амалий жавоб олгани учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда ANSA агентлиги хабар берди.
Рим тақдим этган ташаббусга мувофиқ, аъзо давлатлар энергетика соҳасидаги лойиҳалар ва фавқулодда чоралар учун уч йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг 0,6 фоизигача маблағ йўналтириши мумкин. Италия ҳукумати бу механизм энергия бозоридаги босимни юмшатишга хизмат қилишини таъкидламоқда.
Айни чоғ Европа дипломатияси тизимида ҳам муҳокама давом этяпти. Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни Лондонда бўлиб ўтган Буюк Британия, Франция ва Германия раҳбарлари ҳамда Украина Президенти иштирокидаги учрашувда Рим қатнашмаганини жиддий муаммо сифатида баҳоламасликка чақирди.
Унинг фикрича, Италия ва Польша ҳам иштирок этадиган кенгроқ мулоқот формати самаралироқ кечиши мумкин. Бинобарин, Таяни Лондондаги музокара Европа ҳамкорлигининг одатий шакли экани ва бу Италиянинг жараёндан четлатилганини англатмаслигини урғулади.
Германия ҳукумати ҳам шу нуқтаи назарни қўллаб-қувватлади. Берлин вакиллари Италия ҳамда Польша Украина масаласидаги муҳокамадан ташқарида қолмаётгани, Европа давлатлари умумий фаолияти доимий равишда мувофиқлаштириб борилишини билдирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА