Мексикалик наркобарон Техасда ушланди
Мексикалик наркобарон Исмоил “Ал-Майо” Замбада Гарсия ва унинг собиқ шериги Хоакин “Ал-Чапо”нинг ўғли Гусман АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан қўлга олинган. Мексика жиноий ландшафти қиёфасини ўзгартириб юбориши мумкин бўлган бу муҳим ва йирик амалиёт Техаснинг Ал-Пасо шаҳрида юз берди.
АҚШнинг икки расмийси “Рейтер” агентлигига 70 ёшдалиги тахмин қилинаётган Замбада Гарсия ва 30 ёшли Хоакин Гусман Лопес хусусий самолёт аэропортга қўнган пайт ушланганини айтди.
– Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи энг кучли ва зўравон ташкилотлардан бири – Синалоа картелининг яна икки етакчиси ҳибсга олинди, – дея маълум қилди Адлия вазирлиги.
Жиноий исми Ал-Майо билан танилган, Мексика тарихидаги энг кучли гиёҳванд моддалар савдогарларидан бири ҳисобланган Замбада Гарсия 2017 йил АҚШга экстрадиция қилинган ва оғир тартибли қамоқхонада умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Ал-Чапо билан бирга Синалоа картелига асос солган.
Замбада Гарсия ва ёш Гусман АҚШга кўп миқдорда гиёҳванд модда, жумладан фентанил контрабанда қилишда айбланиб, бир неча айбловга дуч келган. Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда наркотикдан фойдаланиш кескин ошиб, 18-45 ёшли америкаликлар орасидаги ўлим ҳолатининг асосий сабабига айланган.
Гусман Лопес Ал-Чапонинг тўрт ўғлидан бири бўлиб, сулола Лос Чапитос номи билан танилган. Фарзандлар отанинг Синалоа картелидаги фракциясини мерос қилиб олган. Катта ака Овидио Гусман ўтган йил ҳибсга олинган ва АҚШга экстрадиция қилинган.
АҚШ Адлия вазирлиги ва ҳуқуқ-тартибот идоралари Ал-Чапо ҳибсга олингандан кейин Синалоанинг “шубҳасиз юқори мартабали раҳбари”га айланган Замбадани қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 15 миллион доллар таклиф қилган эди.
Ал-Майо ва Ал-Чапо – икки хил услуб
АҚШ Бош прокурори Меррик Гарланд айтишича, Замбада Гарсия ва Гусман Лопесга “картелнинг жиноий амалиёти, жумладан ҳалокатли фентанил ишлаб чиқаргани ва савдо тармоғига раҳбарлик қилгани учун” бир неча айб қўйилган.
– Ҳар бир картель раҳбари ва аъзоси жамиятимизни заҳарлагани учун жавобгар бўлгунга қадар тинчланмаймиз, – деган Гарланд.
Синалоа картели 50 дан кўп мамлакатда гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланади ва АҚШ расмийлари фикрича, Мексикадаги энг кучли икки уюшган жиноий гуруҳдан бири. Бинобарин, Замбаданинг ўғиллари Гарсия ва Ал-Чапо наркотик савдогарларининг икки хил қавмига мансуб.
Замбада Гарсия диққат марказидан қочадиган ва сояда ишлайдиган “эски мактаб” вакили сифатида танилган. Ал-Чапонинг ўғиллари эса, аксинча, картель сафида кўтарилиши билан эътиборни ўзига тортган ғайритабиий гиёҳванд моддалар савдогари сифатида обрўга эга. Уларнинг зукколиги билан ном чиқарган Замбада Гарсияга нисбатан анча зўравон, жаҳлдорлиги ҳам маълум.