Меҳрнинг чегараси бўлмайди!
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид бошчилигидаги жамоа Тошкент шаҳридаги Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида бўлди.
Ижодкор зиёлилар у ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 13 октябрда «Гематологик ва онкологик касалликларга чалинган беморларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Унга мувофиқ, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази 2022 йил 1 январдан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилди ва мустақил фаолият юритиши белгиланди. Гематологик ва онкологик касалликларга чалинган болаларга паллиатив тиббий хизмат кўрсатиш марказнинг асосий вазифаси этиб кўрсатилди.
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 14 майда Республика онкология ва радиология марказига ташрифи бўлиб ўтган эди. Ташриф доирасида касалликни олдини олиш, касалликка қарши курашиш ва самарали даволаш, шифокор ва беморларга етарли шароитлар яратиш борасида қатор вазифалар белгиланган эди.
Қисқа вақт ичида мазкур қарор ижроси юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан самарали ишлар бажарилди. Хусусан, Тошкентда болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилди. Республика гематология ва онкология ва радиология марказлари янги биноларга кўчиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Унда катталар ва болалар учун алоҳида жарроҳлик, жонлантириш, интенсив терапия, трансфузиология ва трансплантология бўлимлари, шунингдек, радио диагностика ва радио даволаш бўлимлари, бактериологик лаборатория, махсус овқат тайёрлаш бўлинмаси, болаларга таълим олиш имкониятини яратишни назарда тутган ҳолда қуриш ишлари олиб борилди ва тиббий техникалар билан жиҳозланиши таъминланди.
Шу йил 17 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда янгидан барпо этилган Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида яратилган шароитлар билан танишди. Шифохонада даволанаётган болалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди. Марказда ижод билан шуғулланиш учун яратилган шароитларни кўрди, болаларнинг машғулотларини кузатди. Унда марказ шифокорлари Президентимизга соҳага қаратилаётган эътибор бераётган самаралар, яратилган шароитлардан таассуротлари ҳақида сўзлаб берди.
Шунингдек, давлат раҳбари онкогематологик ёрдам соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар, оналик ва болалик муҳофазасини янада такомиллаштириш ҳамда тиббиёт ходимлари билан ўтказилган мулоқотда берилган топшириқлар ижросининг бориши юзасидан йиғилиш ўтказди.
Унда давлат раҳбарининг «Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болалар учун мактабгача таълим ва тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»га қарори ижросига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Ушбу қарор ижроси юзасидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси марказ таркибидаги мактабга 250 дона, боғчага 250 дона китоб совға қилди. Мактаб ошхонасига 10 килограмм, боғча ошхонасига 10 килограмм асал берилди. Мақсад эса ҳар бир болажон дардига шифо топиб, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишидир.
Н.Усмонова, ЎзА