Меҳр уммонимда юксалган байроқ
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ёшлар ишлари агентлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган тантанали маърифий тадбир ўтказилди.
“Муқаддасдир Ватан байроғи!" деб номланган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг юртимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди.
Тадбирда таъкидланганидек, байроқ давлат рамзи, куч-қудрат ифодаси, шу давлат фуқароларининг эса тенгсиз ва фараҳбахш маънавий-эстетик бойлигидир. Эътироф этиш жоизки, байроқ давлат рамзларидан бири сифатида жаҳон миқёсида қанчалик расмий нуфуз ва миллий аҳамият касб этса, ҳар бир юртдошимизнинг ишончу ифтихорини намоён қилишда шунчалик халқона салоҳиятга эга.
Юрт фарзандлари шу байроқ остида бирлашадилар. Илм-фан ва спорт олимпиадаларида, халқаро мусобақаларда, мунтазам равишда бўлиб ўтадиган муросасиз беллашувларда иштирок этар эканлар, миллий байроқдан маънавий-руҳий қувват оладилар.
Миллий байроғимиз халқаро минбарларда ҳилпираб туриши янгиланаётган Ўзбекистонимизга дунёдаги эътибордан дарак беради. Спортчилар ўртасида бўлиб ўтган турли беллашувларда қадимий ва мағрур юртимиз тимсоли сифатида фарзандларимизни юксак ғалабаларга илҳомлантиради. Бугунги кунда жаҳоннинг турли қитъа-минтақаларида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа кўплаб жаҳон миқёсида халқаро нуфуз ва салоҳият касб этган идора-муассасаларда, шунингдек, мамлакатимизнинг барча шаҳар-кентлари марказларида, бир-биридан кўркам ва муҳташам биноларимиз пештоқларида Ўзбекистон Республикаси байроғи ҳилпираб турибди.
– Байроқ ҳақида сўз борганида ижодкор қалбидан илҳом жўш ураверадики, буни таърифлаш қийин, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Зулфия Мўминова. – Ўз мустақил Ватани, байроғи бўлишини орзу қилган боболаримиз ҳақи-ҳурмати учун ҳам байроғимиз жаҳоннинг энг нуфузли ташкилотларида, мамлакатимизнинг гавжум, файзли гўшаларида ҳилпираб туриши керак.
Маърифий тадбирда мустақиллигимиз, янгиланаётган Ватанимиз, Давлат байроғимизни мадҳ этувчи шеърлар, куй-қўшиқлар янгради.
Назокат Усмонова, ЎзА