“Меҳр нури ёғар доим юзингиздан, устозлар”
Жиззах давлат педагогика университети маданият марказида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Меҳр нури ёғар доим юзингиздан, устозлар” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Жиззах давлат педагогика университети ҳамда Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда устоз ва мураббийлар, ҳарбий хизматчилар, ёшлар, ижодкорлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида ўтказилаётган “Қатағон қурбонлари” хотирасини ёд этишга бағишланган тарғибот тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчилар дастлаб “Қатағон қурбонлари” музейига ташриф буюрди. Музейда намойиш этилган тарихий ҳужжатлар, экспонатлар ва архив материаллари орқали юртимиз тарихининг мураккаб ва фожиали даврлари ҳақидаги маълумот берилди.
Экскурсия давомида қатағон йилларида жабр кўрган, халқ ва Ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшган зиёлилар, олимлар, шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва тақдири ҳақида сўз юритилди. Уларнинг илмий, ижодий ва маърифий мероси, миллий тараққиёт йўлидаги фаолияти ҳақида маълумотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Бундай маърифий ташрифлар ёшларда тарихий хотирани асраш, аждодлар меросига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, истиқлол неъматининг қадрига етиш каби муҳим фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади.
[gallery-31738]
Шундан сўнг тадбирнинг тантанали қисми бошланди. Маросим ҳарбий оркестр жамоаси ижросида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси билан очилди.
Тадбирда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах вилоят бўлими раиси сўзга чиқиб, устоз ва мураббийларни касб байрами билан самимий муборакбод этди. Таълим ва тарбия соҳасида меҳнат қилаётган фидойи инсонларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, ёш авлод камолотидаги беқиёс ҳиссаси алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳам устозларни қутлади.
Дарҳақиқат, устоз меҳнати самараси бир кун ёки бир йил билан ўлчанмайди. Унинг берган билими, ҳаётий сабоқлари, йўл-йўриқ ва насиҳатлари шогирднинг бутун умри давомида унга ҳамроҳ бўлади. Бугун турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган мутахассисларнинг камолотида устозларнинг машаққатли меҳнати ва меҳри мужассам.
Тадбирнинг бадиий қисми ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Ҳарбий оркестр жамоаси ижросидаги дилрабо куйлар, ёш ижодкорларнинг Ватан, устоз, меҳр-оқибат ва эзгуликни тараннум этувчи қўшиқлари йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.
Айниқса, ёш истеъдод эгаларининг саҳнадаги чиқишлари тадбирга ўзгача файз бағишлади. Куй-қўшиқлар орқали устозларга бўлган эҳтиром ва миннатдорлик туйғулари яна бир бор ифода этилди.
Тадбирда устозлик касби нафақат билим бериш, балки ёш авлодни ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдек юксак масъулият ҳам экани таъкидланди.
Тадбир якунида таълим ва тарбия соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган устоз ва мураббийларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Устоз жамиятнинг маънавий пойдеворини мустаҳкамлайдиган, авлодлар ўртасидаги эзгулик ва билим ришталарини боғлайдиган улуғ касб эгасидир. Унинг меҳнати самараси шогирдларининг ютуқлари, жамият тараққиёти ва юрт келажагида намоён бўлади.
“Меҳр нури ёғар доим юзингиздан, устозлар” шиори остида ўтказилган тадбир ҳам ана шу юксак қадриятларни ўзида мужассам этди. Устозларга эҳтиром, тарихий хотирага садоқат ва ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялаш ғоялари уйғунлашган тадбир иштирокчиларда ёрқин таассурот қолдирди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари