Меҳр-мурувват ва хайр-саховат байрами
Халқимизнинг муқаддас эътиқоди – ислом дини тинчлик, маърифат ва меҳр-мурувват дини сифатида барча инсонларни эзгуликка, яхшиликка даъват қилиб келмоқда.
Айниқса, унинг қадриятлари ва фазилатлари ҳайит кунларида ўзгача файз билан қалбларимизни мунаввар этади. Зеро, ийд Қурбон кунларида касалманд, муҳтож кишилар, кексалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнглини кўтариш, ёру биродарлар, қавму қариндошларни зиёрат қилиш, ҳайитликлар улашиш улуғ савобли амаллардан ҳисобланади.
Президентимизнинг 2021 йил 13 июль куни Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарори эълон қилингани ушбу айёмнинг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти нақадар юксаклигидан далолат беради.
Мазкур қарорда “Муборак Қурбон ҳайитининг халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро ҳамжиҳатлик каби фазилатларни қарор топтиришдаги муҳим аҳамиятини эътиборга олиб ҳамда миллий-диний қадриятларимизни улуғлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 20 июль – сешанбага тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2021 йил 20 июль куни Қурбон ҳайити байрами этиб белгилансин”, деб таъкидланган.
Ушбу ҳайитнинг яна бир яхши томони шундаки, бунда қурбонлик қилинади. Диний манбалардан маълум бўлишича, Аллоҳнинг пайғамбарларидан Иброҳим алайҳиссалом суюкли фарзандлари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини тушларида кўради. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббоснинг айтишича, барча пайғамбарларнинг кўрган тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом тушларидаги белгига кўра, истамаса-да Аллоҳнинг амрига бўйсунди... Бу ҳақида Қуръони каримдаги “Соффот” сурасининг 101 – 110 оятларида батафсил баён этилган.
Муҳими, Иброҳим ва Исмоил пайғамбарлар Аллоҳнинг амрига итоат этиб, кўп ажру савобга ҳамда беқиёс мукофотга сазовор бўлишди. Улар бу синовдан кейин меҳр-оқибат ва имон-ишончда янада собитқадам бўлдилар. Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссалом эвазига катта бир қурбонликни бахшида этди. Шундан кейин Қурбон ҳайити кунларида яхши ниятлар билан қўй, эчки, туя ёки мол сўйиб бажариладиган қурбонлик хайрли амаллардан бирига айланди.
Иброҳим ва Исмоил алайҳиссалом қиссаларида ота ва бола, умуман, инсонлар ўртасидаги нозик ришта ҳисобланмиш меҳр-оқибат тўғрисида сўз юритилган. ИНСОН дея аталмиш хилқатни азиз-мукаррам қилиб яратган Парвардигори олам унинг қалбига, аввало, меҳрни солган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларида “Раҳмдилларга Раҳмон раҳм қилади. Сиз Ердагиларга меҳрибон бўлсангиз, сизга Осмондаги меҳрибон бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Расули акрам Раҳмон ва Раҳим каби Аллоҳнинг улуғ сифатлари нафақат инсониятга, балки бутун мавжудотга қаратилганини таъкидлаганлар.
Қурбон ҳайитида нафақат меҳр-мурувват, балки хайр-саховат ҳам кўрсатилади. Ўзига тўқ, закот беришга қодир бўлган кишилар қурбонлик сўйиш билан Аллоҳ олдидаги ибодатларини бажарадилар. Муҳтожларга тарқатилган қурбонлик гўштлари инсоннинг моли ва умрига барака беради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Инсон учун Қурбон ҳайити куни Аллоҳ йўлида қон чиқариш (қурбонлик қилиш)дан ҳам севимли ва мақбулроқ амал йўқдир. Қурбонликнинг қони ерга тушмасдан олдин (бу ибодат) Аллоҳ даргоҳида қабул бўлади. Бас, шундай экан қурбонлик қилиш билан дилларингизни хушнуд этинг”, деб марҳамат қилганлар.
Бундай муборак кунларда етимлар, ногиронлар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга хайр-саховат кўрсатиш катта савобли амаллардан саналади. Бу борада Навоий ҳазратларининг шундай мисралари бор:
Ҳар киши кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай.
Ҳайит кунларида ҳар қандай уруш-жанжаллар тўхтатилган. Инсонлар ўртасидаги адоват, араз, гина-қудуратлар унутилган. Бу эса кишилар қалбида бир-бирига нисбатан меҳр, мурувват, оқибат каби фазилатларнинг жўш уришига сабаб бўлган. Фикримизни қуйидаги ривоят билан мухтасар қилмоқчимиз.
Пайғамбаримиз даврларида саҳобалардан бири ниҳоятда камбағал, муҳтож ҳолда яшарди. Ҳаттоки, бирон бир кимсага хайр-саховат кўрсатишдан ожиз эди. Бир куни кечқурун ҳалиги саҳоба: “Парвардигорим, менга зулм қилган кишиларни кечирдим, уларга ҳеч қандай гина-кудуратим йўқ, мана шуни хайр-эҳсон сифатида қабул қилишингни сўрайман», дебди. Эртасига эса пайғамбаримиз ўша саҳобага «Қилган эҳсонинг Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлибди”, дея хушхабарни етказибдилар”.
Кўриниб турибдики, Қурбон ҳайити инсонлар орасини ислоҳ этиш, улар ўртасида мехр-оқибат ришталарини боғлаш билан бир қаторда хайр-саховат меҳр-мурувват кўрсатишга чорловчи улуғ байрамлардан бири саналади.
Неъматулло МУҲАММЕДОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги-IRCICA” кафедраси мудири,
тарих фанлари доктори, доцент.