Меҳр-мурувват, эзгулик айёми
Мамлакатимиз узра Наврўз шукуҳи кезиб юрган бугунги кунларда пойтахт ижодкор зиёлилари томонидан Aдиблар хиёбонига бир қанча манзарали кўчатлар ўтқазилди. Кўчат экиш тадбирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси, адиблар фаол иштирок этди.
– Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизнинг Сергели туманида “Ёшлар боғи” ташкил этилди, – дейди Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Баҳорга хос бўлган боғ яратишдек ибратли тадбирда давлатимиз раҳбари хиёбонга бориб, кўчат экишга бош бўлди. Бунинг замирида одамларнинг табиатга бўлган меҳрини ошириш, экологик муҳитни яхшилашдек улкан эзгу мақсадлар бор. Бугун биз ҳам барчамиз бирлашиб, боғимизга манзарали кўчатлар экдик. Келгуси йилда улар кўкка бўй чўзиб, гуллаб-яшнаса, бундан хурсанд бўламиз.

Айтиш керакки, Рамазони шариф ҳамда гўзал Наврўз айёми вобасталикда нишонланаётган шу кунларда Ёзувчилар уюшмаси томонидан ёлғиз ва боқувчисини йўқотган кексаларнинг, ота-она меҳридан бебаҳра қолган болаларнинг, ёши улуғ ижродкорларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг кўнглини кўтариш, маънавий ва моддий далда бериш, рағбатлантиришдек ибратли ишлар ҳам тизимли тарзда олиб борилаётгани эътиборлидир. Айни пайтда ижодкор ёшлар иштирокида “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз бўлсин!” шиори остида турли адабий анжуманлар, давра суҳбатлари, баҳор мушоиралари ташкил этилаётгани диққатга сазовордир.
Н.Усмонова,
ЎзА