Меҳнатободда баҳорги пиёз йиғиштириб олинмоқда
Сурхондарё вилоятининг Музработ туманидаги Меҳнатобод маҳалласида баҳорги пиёз ҳосилини йиғиштириб олиш бошланди.
Жанубдаги вилоят қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан сифатли, мўл ҳосил олиш учун қулай иқлим ва унумдор тупроққа эга. Шу боис воҳанинг табиий қуёш нурига тўйиниб пишган эрта баҳорги озиқ-овқат маҳсулотлари мамлакатимиз ва хорижда харидоргир бўлади.

Меҳнатобод маҳалласи аҳолиси бу имкониятдан оқилона фойдаланиб, пиёз етиштиришда етарли тажриба тўплаган. Сўнгги йилларда улар “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида парваришлаётган пиёзга ички ва ташқи бозорда талаб ортиб бормоқда.
Маҳаллада 855 та хонадон мавжуд. Бу йил учун ҳам маҳалладаги 800 дан ортиқ хонадон томорқасида жорий йил ҳосили учун қарийб 150 гектар майдонда “Корейский”, “Ҳаёт” ва “Сибирский” навли маҳаллий иқлимга мос пиёз парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Баҳорнинг дастлабки ойида пишиб, етилган маҳсулотдан 20 минг тоннадан зиёд ҳосил йиғиб олиш мўлжалланмоқда.

Тажрибали деҳқон Ҳолиқназар Бойматов 20 сотих майдонда парваришлаган пиёздан қарийб 30 тонна ҳосил олиб, юз миллион сўм атрофида даромад қилишни кўзда тутмоқда.

– Пиёз овқат ҳазм қилиш хусусиятига эга шифобахш, фойдали витаминларга бой сабзавот, – дейди Ҳолиқназар Бойматов. – Айниқса, ҳозирги “илик узилди” даврида янги пишиб етилган пиёзни истеъмол қилиш инсоннинг витаминларга эҳтиёжини қоплашга кўмаклашади. Шунинг учун эрта баҳорда пишган маҳсулотимиз харидоргир бўлади. Пиёз совуққа чидамли сабзавот. Бизнинг иқлимимизда баҳор бошланиши билан пишиб етилади.

Меҳнатободлик деҳқонларнинг айтишича, сўнгги йилларда мўъжазгина томорқаларда парваришланаётган пиёз оилаларнинг яхши даромад манбаига айланди. Одамлар меҳнатига яраша фаровон, тўкин турмуш кечирмоқда.
Туман ҳокими Абдулла Маматқулов маҳаллада бўлиб, пишиб етилган маҳсулотларни кўздан кечирди. Деҳқонлар билан суҳбатлашиб, уни сифатли териб-йиғиб олиш ва харидорларга етказиб бериш жараёнлари билан қизиқди. Мавжуд томорқалардан янада самарали фойдаланиш юзасидан тавсияларини билдирди.
Баҳорнинг илк кунларидан маҳаллада пешма-пеш йиғиштириб олинаётган пиёз босқичма-босқич ички ва ташқи бозорга чиқаришга тайёрланмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири