Меҳнатидан бахт топган аёл
Бугун мамлакатимизда турли соҳаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар ўз фаоллиги, ақл-заковати, меҳнати билан жамият ривожига ҳисса қўшмоқда.
“Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖда бугунги кунда 234 нафар хотин-қиз турли вазифаларда фаолият олиб бормоқда. Станция раҳбарияти, Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ва Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун қулай меҳнат шароитларини яратиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакат Исмоилова қарийб 18 йилдирки корхонанинг Марказий таъмирлаш цехида кран машинисти бўлиб ишлайди. Тўғри, кўпчилик бу касбни аёллар учун тўғри келмайди, деб ҳисоблайди. Аммо аёл ўз касбидан бахт топганлардан бири.
1986 йили Навбаҳор тумани Арабхона қишлоғидаги 5-сонли мактабни тугатган Мамлакат Исмоилова тиббиёт ҳамшираси бўлиш орзусида Навоий тиббиёт техникумига ҳужжат топширади Аммо омади чопмай ўқишга кира олмайди. Ўз олдига бирор-бир касбни эгаллашни мақсад қилган М.Исмоилова Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрига касб-ҳунар эгаллаш учун ёшлардан ҳужжат қабул қилинаётганидан хабар топади.
– Ҳужжатларимни топширдиму, мени юборармиканлар, деб буни уйдагиларга аввалига айтишга ботинолмаганман, – дейди М.Исмоилова. – Лекин барибир айтишим керак эди. Минг андиша ва қўрқув билан онамга айтганимда мени қўллаб-қувватладилар. Шундай қилиб, мени ўқишга юборишга рози бўлишди. 1987 йили 110 нафар йигит-қиз Навбаҳор туманидан ўқишга кетдик. Ленинград шаҳрига борганимизда қизлар учун 2 касб – бўёқчилик ва кран машинисти касбларига жой борлигини билдиришди. Мен кран машинисти касбини танладим ва бундан сира афсусланмайман. Ленинград шаҳрининг ўзида бир йил назарий ўқув курсини тугаллагач, Станоксозлик заводида икки йил давомида амалиёт ўтадим ва кран машинисти бўлиб ишладим. Шундай қилиб, уч йилдан кейин биз юртимизга қайтиб келганимизда, мен амалий малакага эга мутахассис сифатида кран машинисти касбини тўлиқ эгаллаб бўлган эдим.
1990 йилда ўз юртига қайтиб келган Мамлакат опа “Навоий ИЭС” корхонасига ишга кириб, мустақил ишлай бошлади.
– Биласизми, кран машинисти ишини ҳам худди автомашина ҳайдовчиси касбига қиёслаш мумкин, – дейди Мамлакат опа. – Иш доимо диққат-эътибор, ҳушёрликни, юқори даражадаги малакани талаб қилади. Айниқса, ишлаб турган қурилмалар устидан юк олиб ўтиш, ўта оғир ва катта ўлчамдаги юкларни силжитиш, кўпинча тунги ишлар – алоҳида малака ва дадилликни, юкни илдирувчи ходимларга талабчан бўлишни талаб қилади. Шу билан бирга диққатни жам қилиш учун ишга доимо руҳан ва жисмоний жиҳатдан тайёр бўлиб келиш зарур. Акс ҳолда бу иш жараёнида ўта жиддий кўнгилсизликларга олиб келиши мумкин.
М.Исмоилова турмуш ўртоғи Руслан Исмоилов билан Ленинград шаҳрида танишган. Станцияга ишга кирганидан бир йил ўтиб, турмуш қуришган.
– Ўттиз йиллик биргаликдаги турмушимиз давомида доимо мени қўллаб-қувватлаб келадилар. Уч нафар – икки ўғил ва бир қизимиз бор. Катта ўғлим Рустамжон Навоий давлат кончилик институтини тугатиб, НКМКнинг Жанубий кон бошқармасига қарашли Зармитан конида ишлаб келмоқда. Қизим Тамара эса ўқитувчи. Азизжон ҳам Навоий давлат кончилик институтини тугатиб, акаси билан бир корхонада ишлайди. Бугунги кунда 4 нафар неварага бобо-бувимиз. Учинчи фарзандим 5 ёш бўлганида, оилавий шароитимиз туфайли, яъни янги уйга кўчиб ўтганимиз боис ишга келиб-кетишда қийинчиликлар бўлганлиги сабабли ишдан бўшашимга тўғри келган. Уч-тўрт йил ўтиб, қайта ишга қабул қилишларни сўраб келганимда, тайёр мутахассислигим, аввалги иш фаолиятим давомида ишимни кўнгилдан бажарганлигим сабабли “бизга кран машинисти жудаям зарур” деб, ишга олишган. Шунда ўз танлаган касбимдан фахрланиб кетганман. Мана 2000 йилдан бери яна станция кранларини бошқариб келаяпман.
Мамлакат Исмоилова билан суҳбатимиз турли мавзуларда узоқ давом этди. Бугунги кундаги аёлларимизга яратилаётган шароитлар, оиладаги муҳит, фарзандлар тарбиясидаги жиҳатлар, ишдаги жараёнлар суҳбатимиз мавзусига айланди.
Уйга қайтар эканман, ўз касби орқасидан бахтини топган Мамлакат опа ҳаёти ва фаолияти бугунги кунда ҳаётидан нолиб, муаммоларини “дастурхон” қиладиган айрим аёлларимиз учун ибрат мактаби эканлигини яна бир бор ҳис этдим.
Юлдузхон Aдилова,
“Навоий ИЭС” AЖнинг хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши раиси