Меҳнатдан қочмаган барака топади
Халқимизда “Меҳнат қилган инсон элда азиз” деган ҳикмат бежиз айтилмаган.
Бугунги кунда томорқа ва ер майдонларидан самарали фойдаланиш орқали кўплаб оилалар ўз турмуш фаровонлигини оширишга эришмоқда.
Бухоро вилояти Олот тумани “Хидрейли” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Итолмасовлар оиласи улардан биридир.

Оила бошлиғи Қувондик Итолмасов ўтган йили ижарага олган 60 сотих ер майдонидан самарали фойдаланишни йўлга қўйди. Ердан йилнинг тўрт фаслида ҳам барқарор даромад олиш мақсадида 16 миллион сўм имтиёзли кредит ҳисобидан 5 сотих майдонда замонавий иссиқхона барпо этди.
Иссиқхонада турли сабзавот ва полиз экинлари кўчатлари етиштирилмоқда. Жорий йилда 200 минг донадан ортиқ сифатли кўчат етиштириш режалаштирилган бўлиб, бу орқали тахминан 100 миллион сўм даромад олиш кўзда тутилган.

– Мақсадим оиламиз фаровонлигини ошириш, болаларим келажаги учун барқарор даромад манбаи яратиш, –дейди Қувондик Итолмасов. –Бизда ер бор, имконият бор, давлат қўллаб-қувватлаяпти. Ерга меҳр билан ёндашса, у албатта, ўз самарасини беради. Аввалига очиқ ерда экин экиб иш бошладик. Лекин йил давомида узлуксиз даромад бўлиши учун иссиқхона кераклигини англадик. Шу мақсадда имтиёзли кредит олиб, 5 сотихли иссиқхона барпо этдик.
Итолмасовлар оиласининг ташаббуси нафақат оила даромадини барқарор оширишга, балки маҳаллада янги иш ўринларини яратишга ҳам хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, ерга меҳр билан ёндашган, меҳнатдан қочмаган, сабр билан ҳаракат қилган инсон, албатта, барака топади.
Зариф Комилов, ЎзА