Меҳнат ярмаркаси самарали бўлди
Аҳолини кучли ижтимоий ҳимоялаш ва иш билан таъминлаш масаласи юртимизда доим долзарб саналган.
Айни масала турли вазирлик ва идоралар, ташкилотлар, жамоат тузилмаларининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.
Пойтахтимизда Яшнобод тумани ҳокимлиги ва "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида Тошкент шаҳрининг "Баҳор" маҳалласида меҳнат ярмаркаси ва хайрия тадбири ўтказилди.
Ушбу бўш иш ўринлари ярмаркасида Тошкент шаҳрида жойлашган 50 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар ўзларининг бўш иш ўринлари билан қатнашиб, иш излаётган 500 нафар ишсиз фуқароларга вакант жойлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
300 нафарга яқин фуқаро турли корхоналарда меҳнат фолиятини олиб бориши учун бирламчи ҳужжатларни топшириб, корхона масъул ходимлари томонидан уларга тегишли йўлланмалар тақдим қилинди.
Меҳнат ярмаркаси доирасида ишсиз аҳоли тажрибаси ва билими, хоҳиши ва имконияти асосида турли корхоналарга йўналтирилди.
Ярмарка давомида ёшлар фестивали, хайрия тадбирлари ва бошқа кўплаб кўнгилочар дастурлар бўлиб ўтди.
ЎзА