Меҳнат бор жойда барака бор
Фарғона вилояти Риштон туманидаги Тўхтасин Аҳмедов маҳалласида томорқадан самарали фойдаланиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадини ошириш борасида ибратли тажриба шаклланган.
Маҳаллада истиқомат қилувчи Нўъмонжон Бобоев хонадонида “Япон” зотли 2 минг бош бедана парваришланмоқда. Беданачилик оила учун барқарор даромад манбаига айланган. Фаолиятдан ойига ўртача 16-18 миллион сўм соф фойда олинмоқда.
Хонадонда кунига ўртача 1 минг 800 дона бедана тухуми олинади. Маҳсулотнинг асосий харидорлари тухумни хонадоннинг ўзидан улгуржи нархда, ҳар донаси 350-400 сўмдан харид қилмоқда. Оила яқин истиқболда беданалар сонини 5 минг бошга етказиш, омухта ем ишлаб чиқариш ва жўжа очириш фаолиятини йўлга қўйишни режалаштирган.
— Беданачиликни замонавий усуллар асосида ривожлантириш, ем-хашак базасини мустаҳкамлаш ва жўжа очиришни йўлга қўйиш орқали фаолиятимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз, - дейди Нўъмонжон Бобоев.
Бобоевлар оиласи қорамолчилик ва узумчиликдан ҳам даромад олмоқда. Хонадон томорқасида “Ризамат ота”, “Мерс”, “Ҳусайни”, “Шоҳонак” каби 14 навдаги узум етиштирилади. Томорқага туташ бўш ер майдонида ҳам узумзор ташкил этилган.
Оила ҳар йили ўртача 5 тонна узумни қиш-баҳор мавсумигача табиий усулда сақлаб, Фарғона водийси ва Тошкент шаҳридаги бозорлар ҳамда савдо тармоқларига етказиб бермоқда.
[gallery-30839]
— Маҳалламизда бир қарич ҳам бўш ер йўқ. Томорқадан унумли фойдаланиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали даромадимизни оширяпмиз. Кўчалардаги сўритоклар ҳам оилалар бюджетига қўшимча даромад келтирмоқда, - дейди Н. Бобоев.
Маҳаллада аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар ҳам амалга оширилган. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида маҳалла уч маротаба ғолиб бўлиб, ички йўллар асфальтланган. Ичимлик суви таъминоти яхшиланган, 5 та хусусий мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган.
Маҳалла раиси Назир Мақсудовнинг таъкидлашича, узумчилик ҳудуд иқтисодий ривожининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
— Кейинги икки йилда узумчиликни ривожлантириш учун 8 та оилага субсидия ажратилди. “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида 4 гектар майдонда узумчилик плантацияси ташкил этилмоқда. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан 800 тонна сиғимга эга совуткичли омбор қурилмоқда. Бу узумни сифатли сақлаш ва йил давомида ички бозорга етказиб бериш имконини кенгайтиради, - дейди маҳалла раиси Н. Мақсудов.
Айни пайтда Тўхтасин Аҳмедов маҳалласида 890 та оилада 3 минг 225 нафар аҳоли истиқомат қилади. Томорқадан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча даромад манбаларини кўпайтиришга қаратилган ташаббуслар аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uRjd7qbRDIY" title="Mehnat bor joyda baraka bor" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат ва видео), ЎзА