Медер Туманов: Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳияти биз учун янги имкониятлар очиб бермоқда
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида юртимизга ташриф буюрган Қирғиз Республикаси иқтисодиёт вазири ўринбосари Медер Туманов анжуман ҳамда Ислом цивилизацияси марказига ташрифи ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
– Бугун Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро инвестиция форумида иштирок этдик. Тадбирнинг ташкил этилиши ва ўтказилиш даражасидан жуда мамнунмиз. Форумда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий имкониятлари ва салоҳияти кенг намойиш этилди.
Биз ўзимиз учун келгусидаги ҳамкорликнинг кўплаб истиқболли йўналишлари ва соҳаларини аниқлаб олдик.
Шунингдек, форумдан кейин Ислом цивилизацияси марказида бўлдик. Бу ерда тақдим этилган экспозициялар бизда катта таассурот қолдирди. Марказда намойиш этилган бой тарихий ва маданий мерос ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли.
Ўйлайманки, қардош ўзбек халқи бундан кейин ҳам тараққиёт йўлидан боришда давом этади. Қолаверса, мамлакатларимиз ўртасидаги биродарлик муносабатлари янада мустаҳкамланиб, ҳар икки томон учун манфаатли натижалар беради, деб ишонаман, – деди М.Туманов.
Д.Ҳакимов, ЎзА