Мебелларимизга хорижликлар ҳавас қилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 8 августдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори кичик бизнес субъектларининг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириши, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 8 августдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори кичик бизнес субъектларининг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириши, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишда муҳим омил бўлмоқда.Мебелсозлик тармоғи ривожига қаратилаётган юксак эътибор самарасида замонавий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган сифатли ва бежирим уй-рўзғор, ошхона, офис, мактаб мебеллари бозордан мустаҳкам ўрин эгалламоқда.
Корхоналар таклиф қилаётган кенг турдаги юқори сифатли, бежирим ва кўркам мебеллар халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини тобора юксалтириб, хонадонларимизга кўрк, шинамлик ва қулайлик бахш этмоқда. Маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ошаётгани туфайли тармоқда ҳар йили юзлаб янги иш ўрни ҳам яратилмоқда.
Бозорларда "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" деган ёзув туширилган мебель маҳсулотларининг кўплиги, хилма-хиллигини кўриб қувонасиз. Танлаш имконияти жуда кенг. Мебель дўконларидан бирида мебель тўпламлари харид қилаётган Жамшид Холов ўз таассуротларини баҳам кўрди:
– Сифатли ва бежирим жиҳозларни танлаб, харид қилиш имконияти кенгайиб бораётганидан хурсандмиз. Ёши улуғларимиз яхши билади, мустақилликдан аввал юртимизга мебель фақат хориждан келтирилар, танлаш имконияти анча чегараланган эди, – дейди у. – Ҳозир вазият умуман бошқача. Қайси мебель дўконига кирманг, маҳаллий маҳсулотларимиз кўзни қувонтиради. Хорижнинг бир неча баробар қиммат маҳсулоти ўрнига юртимизда ишлаб чиқарилаётган худди шундай сифатли маҳсулотни арзон нархда олганга нима етсин?!
Пойтахтимиздаги “Кенг макон” масъулияти чекланган жамияти мебелсозлик соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган корхоналардан. Мазкур корхонада меҳмонхона, болалар хонаси, ётоқхона, ошхона, офис мебеллари ва бошқа турдаги жиҳозлар ишлаб чиқарилмоқда. Мебель модуллари осонгина жамланади. Харидорлар ўз диди ва талабига кўра тўплам қилиб харид қилиши ёки дизайнерлар тайёрлаган гарнитурни танлаши мумкин. Корхона мижозларга ўз истакларини рўёбга чиқариши ва уйини ўзига хос тарзда жиҳозлашига имконият яратади.
«Кенг макон» масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини автомобилларнинг ўриндиқларига қоплама ишлаб чиқаришдан бошлаган. Мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган қулайлик ва имтиёзлар натижасида йил сайин корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти кенгайди. Маҳсулот турлари анча кўпайди. Ҳозир юзга яқин ишчи меҳнат қилаётган корхонада қарийб 150 турдаги мебель тайёрланмоқда. Корхона қошида иккита савдо дўкони фаолият юритаётгани мижозларга янада қулайлик яратмоқда.
Жорий йилда “Ипак йўли” банки Тошкент шаҳар филиалидан олинган 170 минг евро миқдоридаги кредит эвазига корхонага замонавий дастгоҳлар ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Бу ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, тайёрланаётган маҳсулотларнинг сифатини янада яхшилайди.
Корхона 2000 йилдан буён экспорт билан шуғулланмоқда. «Лион», «Скарлет», «Вивалди», «Венеция» каби ётоқхона жиҳозлари қулайлиги, замонавийлиги ва дизайни билан хорижлик мижозларга ҳам манзур бўлаётир.
Маҳсулот сифати ва қулайлигига алоҳида эътибор қаратилаётган корхона мебеллари маҳаллий хомашё асосида тайёрланмоқда. Бунда тайёрланаётган мебелнинг дизайни, ранги ва чидамлилиги замонавий талабларга мос келишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили 4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
– Корхонамизда замонавий технологиялар ёрдамида деталларни йиғишда ва ёғочга ишлов беришга масъулият ва аниқлик билан ёндашилади, – дейди ёғочга ишлов бериш цехи ишчиси Саъдулла Убайдуллаев. – Маҳсулот тайёрлаш жараёнининг барча босқичи ёнғин ва техник хавфсизлиги меъёрларига риоя қилинган ҳамда сифати синчковлик билан текширилган ҳолда бажарилади.
Кейинги икки йилда йигирмага яқин касб-ҳунар коллежи битирувчиси корхонага ишга олинди.
Корхона «Chinа International Furniture Expo», «Turkey Furniture» ва бошқа нуфузли халқаро мебель кўргазмаларда фаол иштирок этиб келмоқда.
– Буларнинг барчаси мамлакатимизда хусусий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ва яратилаётган кенг имкониятлар самарасидир, – дейди корхона иқтисодчиси Ҳикмат Раҳимов. – Фаолиятимизнинг дастлабки давриданоқ буюртмачилар фикри, харидорлар диди, истаги ва эҳтиёжини ўрганишга алоҳида эътибор қаратдик. Шу асосда маҳсулот сифатини яхшилаш ва турларини кўпайтириш чораларини кўрдик. Маҳсулотларимизнинг харидорга манзур бўлаётгани бизни янада кўпроқ изланишга ундамоқда.
Мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида самарали меҳнат қилаётган мазкур корхона жамоаси ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли эҳтиёжларига мос ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича ҳаракат қилмоқда.