Меҳрингиз ота-она меҳри қадар, устозлар
Азиз муаллим
Агар ҳаёт бўстон эса боғбон муаллим!
АЗИЗ МУАЛЛИМ
Илму адаб, иймон эзгу муроди,
Муаллим авлоднинг асл устоди.
Шогирдлар камолга етгани замон,
Сен бахтли инсонсан, сен бахтли инсон.
Нақорат:
Эй, азиз муаллим, азиз муаллим,
Сен улуғ зотларга бергансан таълим.
Эй, азиз муаллим, азиз муаллим,
Сенга биз абадий этгаймиз таъзим.
Сен учун тенги йўқ кошона мактаб,
Мангулик умрдан нишона мактаб.
Юрт ишқи меҳрибон кўзларингдадир,
Истиқлол шукуҳи сўзларингдадир.
Нақорат:
Эй, азиз муаллим, азиз муаллим,
Сен улуғ зотларга бергансан таълим.
Эй, азиз муаллим, азиз муаллим,
Сенга биз абадий этгаймиз таъзим.
Донишманд авлодлар юлдуз, қуёшим,
Раҳнамо ҳамиша азиз Юртбошим.
Мактабим, мактабим шуҳрату шоним,
Илму фан диёри Ўзбекистоним.
Нақорат:
Эй, азиз муаллим, азиз муаллим,
Сен улуғ зотларга бергансан таълим.
Эй, азиз муаллим, азиз муаллим,
Сенга биз абадий этгаймиз таъзим.
Абдулла Орипов,
Ўзбекистон халқ шоири
УСТОЗЛАРГА БАҒИШЛОВ
Ассалом, эй муҳтарам, эй мўътабар устозлар,
Меҳрингиз ота-она меҳри қадар, устозлар.
Истиқлолдан кўрк олган билим кошонасида
Бергайсиз келажакдан нурли хабар, устозлар.
Эй азиз, эй муҳтарам, эй мўътабар устозлар.
Игнада қудуқ қазмоқ осон бўлибди қачон?
Ва лекин шогирдларнинг камолини кўрган он
Бормикан бу дунёда сиздай бахтиёр инсон –
Унутиб заҳматларни, боқасиз мағрур, шодон,
Эй азиз, эй муҳтарам, эй мўътабар устозлар.
Фидойи меҳнат ила билмай тиним, чекиб жон,
Бу муқаддас Ватанда сиз топдингиз шараф-шон.
Сизлар бор – йўллар равон, сизлар бор – қўлда имкон,
Сизлар бор – диллар равшан, ҳаётимиз нурафшон,
Эй азиз, эй муҳтарам, эй мўътабар устозлар.
Муаллим демак асли, эзгуликнинг номи бу,
Миннатдор шогирдларнинг ардоқли каломи бу,
Маърифат истар элнинг самимий саломи бу,
Баркамол авлодларнинг мангу эҳтироми бу –
Эй азиз, эй муҳтарам, эй мўътабар устозлар.
Икром Искандар,
шоир