Меҳнати зафарли Ўзбекистоним!
Андижон шаҳридаги А.Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги байрами катта тантана билан нишонланди.
Андижон шаҳридаги А.Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллиги байрами катта тантана билан нишонланди.
“Тўрт тараф гулларга тўлган бўстоним, меҳнати зафарли Ўзбекистоним!” деб номланган бадиий-мусиқий, театрлаштирилган байрам тадбирида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Саҳнада Малика Ибрагимова, Теша Мўминов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Зуҳра Ашурова, Фатҳулла Маъсудов таниқли санъаткорлар томонидан Тўмарис, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Нодирабегим, Абдулҳамид Чўлпон сингари улуғ аждодларимиз сиймолари гавдалантирилди.

Тадбирда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан таклиф этилган давлат, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган андижонликлар, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, фаол ёшлар иштирок этди.
Унда истиқлол йилларида мамлакатимизда, хусусан, вилоятда қурилиш, бунёдкорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, жамият ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳаётини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Байрам тантаналарида вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига асосан давлат мукофотлари билан тақдирланган бир гуруҳ юртдошларимизга орден ва медалларни топширди.
Тадбирнинг бадиий қисмида бадиий жамоалар, ўқувчиларнинг чиқишлари, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари томонидан ижро этилган рақс, куй ва қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.

Байрам тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, маҳаллалари, меҳнат жамоаларида давом этмоқда.