МДҲ ўйинларининг навбатдаги куни ҳам муваффақиятли ўтди
Беларусда ўтаётган II МДҲ ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ўқ отиш спорти, енгил атлетика, оғир атлетика, дзюдо спорт турлари бўйича 1 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритди.
Кечаги куннинг ягона олтин медалига енгил атлетиканинг ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган Паризод Aбдуллаева сазовор бўлди. Шунингдек, 2000 метр масофага югуришда Aнастасия Силченкова маррага иккинчи бўлиб етиб келган бўлса, 300 метрга тўсиқлар оша югуришда Шодиёна Раҳмонова делагациямизга яна бир кумуш медални келтирди.

Пневматик тўппончадан 10 метрдан ўқ отиш бўйича жамоавий баҳсларда Илҳомбек Обиджонов, Содиқжон Aбдуллаев, Умидбек Камолбековдан ташкил топган терма жамоамиз шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.

Дзюдо бўйича жамоавий дастурда ҳам вакилларимиз бронза медалига сазовор бўлди. Кун давомида Деспина Бандалетова 2000 метр югуришда, Нурсултан Есберганов эса оғир атлетиканинг 81 кг вазнида кучли учликдан жой олди.
Мусобақа давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА мухбири