МДҲ ўйинларининг илк қаҳрамонлари кутиб олинди
Қозон шаҳрида давом этаётган 1-МДҲ ўйинларида 20 та медаллар жамланмасини қўлга киритган боксчиларимиз ва 11 та совринга сазовор бўлган белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари кеча тунда юртимизга қайтиб келди.
Мамлакатимиз белбоғли курашчилари Татаристон пойтахтида ўтказилган ўйинларда 4 олтин, 1 кумуш ва 6 бронза медалига эгалик қилган ҳолда жамоалар ўртасида 2-ўрин соҳиби бўлди.
Юртимизнинг боксчи қизлари Қозон баҳсларида 11 та (3 олтин, 6 кумуш ва 2 бронза), ўғил болалар эса 9 та медалга (4 олтин, 3 кумуш ва 2 бронза) сазовор бўлиб, умумжамоа ўртасида 2-ўринни қўлга киритди.
Пойтахтимиздаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда Ўзбекистон белбоғли кураш ва бокс федерацияси вакиллари, ота-оналар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ғолиб ва совриндор спортчиларимиз тантанали кутиб олинди.


Т. Рўзиев. ЎзА