МДҲ ўйинлари: Ватанни улуғлаётган ёшлар
Кеча, 5 сентябрь куни Татаристон пойтахтида бўлиб ўтган 1-МДҲ мусобақалари якунига кўра, Ўзбекистон байроғи 36 марта кўтарилди.
Бугунгача ушбу турнирнинг эркин ва юнон-рум кураши, бокс, белбоғли кураш мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди. Якшанба кунги бокс ва белбоғли кураш баҳсларининг натижаларига кўра, Ўзбекистон спорт делегацияси 14 тадан олтин ва кумуш, 8 бронза медалларига эгалик қилган ҳолда 9 давлат ўртасида 7 пағонадан 2-ўринга кўтарилиб олди.
Белбоғли кураш беллашувларида мамлакатимиз спортчилари 7 олтин, 3 кумуш ва битта бронза билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Усмон Махаматовнинг билдиришича, МДҲ ўйинларида 8 нафар ўғил ва 5 нафар қиз бола спортчиларимиз ўз вазнларида ғолиблик учун кураш олиб борган. Шиддатли курашлар якунида белбоғли курашчиларимиз спорт майдонидаги азалий рақиблари бўлган Россия ва қозоғистонлик тенгдошларини катта фарқ билан ортда қолдирди. Россиялик курашчилар 4 олтин, 1 кумуш ва 6 бронза медали билан вакилларимиздан кейинги ўринни олган бўлса, қозоғистонлик ёш курашчилар 2 олтин, 5 кумуш ва 3 бронза билан умумжамоада 3-ўринни эгаллади.

Белбоғли кураш мусобақаларида шунингдек, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон спортчилари медалларга сазовор бўлишди. Малдова, Беларусь, Арманистон спортчилари эса бирорта ҳам совринли ўринни эгаллай олмади.
- Ушбу мусобақага икки йил мобайнида тайёрландик. Ўтган йилги карантин сабабли таркибимизда жиддий ўзгаришлар бўлди. Бир қатор ишонган спортчиларимиз ёши 23 ёшдан ошганлиги сабабли уларнинг ўрнини ёшлар эгаллади. Муҳими, ёшлар ишончимизни оқлади. Машғулотларни тактик ва техник жиҳатдан тўғри олиб борганлигимиз самара берди. Кураш майдонларидаги доимий рақибимиз – россиялик курашчиларни ўз майдонида мағлуб эта олдик. Шогирдларимиздан Ойбек Султонов, Камронбек Муҳаммадиев, Ойбекжон Султонбоев, Муҳаммаджон Расулов, Фарангиз Абдунабиева, Муфтунабону Маҳмудова, Моҳигул Ибрагимова, Бийбигаухар Полатбаева, Земфира Носирова ва Мунисахон Носированинг олтин медални қўлга киритиши шарафига Ўзбекистон мадҳияси 1-МДҲ ўйинларида янграши ўзига хос воқелик бўлди. Бу биринчидан, спортчиларимизга катта руҳий қувват бағишлаган бўлса, иккинчидан, Ватанимиз номи белбоғли кураш мусобақалари туфайли 11 марта улуғланди, - дейди биз билан телефон орқали мулоқотда белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Усмон Махаматов.
Барчанинг диққат марказида бўлган бокс мусобақалари кутилганидек минглаб ишқибозлар гувоҳлигида ўтказилди. Россиядаги интернет манбаларининг маълумотларига кўра, МДҲ ўйинларининг чипталари ҳам айнан бокс мусобақаларида энг кўп сотилган. Бундан ташқари, Россия ва хорижий мамлакатлардаги интернет нашрлари ўз саҳифаларидан Қозон рингидаги воқеа-ҳодисаларга кенг жой ажратган.
Аввал хабар берганимиздек, Қозон ўйинлари бокс баҳсларининг ўғил болалар ўртасидаги финал жангларида 7 нафар, қизларимиздан 9 нафари олтин медаллар учун кураш олиб борди. Сўнгги натижаларга кўра, боксчи йигитларимиз 4 олтин, 3 кумуш ва 2 бронза медалига сазовор бўлди. Қизларимиз 3 олтин, 6 кумуш, 2 бронза, жами 7 олтин, 9 кумуш ҳамда 4 бронза билан умумжамоа ҳисобида Россиядан кейин 2-ўринга кўтарилиб олди. 3-ўрин қозоғистонлик ёш боксчиларга насиб этди.

Бугун, 6 сентябрь куни МДҲ ўйинларининг кураш, ўқ отиш ва баскетбол (3х3) баҳсларида ғолиб ва совриндорлар аниқланса, муай-тай ва стентдан ўқ отиш спорт турларида саралаш мусобақалари ўтказилади.
Ҳозирча 1-МДҲ ўйинларида 40 та олтин медаль билан россиялик спортчилар умумжамоа жадвалини бошқариб бормоқда. Умумий ҳисобда Ўзбекистон ёшлари 2-ўрин, қозоғистонликлар 3-ўриндан жой олган.
Бугун ўтказиладиган баҳсларда мамлакатимизнинг ёш спортчиларига омад ёр бўлишини тилаймиз. Истагимиз, уларнинг ғалабалари шарафига жаҳон спорт майдонларида Ўзбекистон байроғи сарбаланд бўлиб, мадҳиямиз янграйверсин.
Т. Рўзиев, ЎзА