Май ойида “Ўзэнергоинспекция” 70,6 миллиард сўмлик ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этди
Инспекция ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг май ойида ўтказилган назорат тадбирларида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 203 та ҳолат аниқланган.
Маълум қилинишича, қонунбузарликлар натижасида 31,8 миллион киловатт-соат электр энергияси ҳамда 6,3 миллион метр куб табиий газ ноқонуний равишда ўзлаштирилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳолатлар оқибатида жами 70,6 миллиард сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Шундан 31,8 миллион киловатт-соат электр энергияси бўйича зарар миқдори 51,1 миллиард сўмни, 6,3 миллион метр куб табиий газ бўйича эса 19,5 миллиард сўмни ташкил этган.
Шунингдек, назорат тадбирлари жараёнида энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳам аниқланиб, улар юзасидан 507 та маъмурий иш расмийлаштирилган.
Мутасаддилар қайд этганидек, айни пайтда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш ва соҳада қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича назорат ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА