Махсус техникалар – сифат ва самарадорлик омили
Ҳудудларни ободонлаштириш, йўлларни таъмирлаш ва инфратузилмани ривожлантиришда замонавий техника воситаларининг ўрни беқиёс. Бу борада моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, иш жараёнларини механизациялаштириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Нурафшон шаҳрида ҳудудларни ободонлаштириш, йўл инфратузилмасини яхшилаш ҳамда асфальтлаш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида замонавий махсус техникалар ўз эгаларига топширилди.

Бу ташаббус Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрдаги “Маҳаллий бюджетлар ва бюджет ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш, бюджет интизомини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида харид қилинган. Мазкур ҳужжатга асосан Тошкент вилоятидаги 14 та шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармаси учун жами 26,1 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Янги техникалар соҳанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаб, йўл қурилиши ва таъмирлаш ишларини тезкор ҳамда сифатли бажариш имкониятларини кенгайтиради. Айниқса, 2027 йилдан бошлаб ободонлаштириш бошқармалари томонидан асфальтлаш ишларини мустақил амалга ошириш йўлга қўйилиши муҳим янгиликдир. Бу эса мазкур мақсадлар учун ажратиладиган маблағларнинг 30 фоизини тежаш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, эндиликда ҳудудларни махсус техникалар билан таъминлаш ишлари босқичма-босқич давом эттирилади. 2027 йилда вилоятнинг қолган ҳудудларига ҳам шу турдаги техникалар етказиб берилиши режалаштирилган.
Бу саъй-ҳаракатлар йўл инфратузилмасини яхшилаш, ободонлаштириш ишлари самарадорлигини ошириш ҳамда бюджет маблағларидан янада оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА