Мавсумни “Қизилқум” ғалаба билан бошлади
Навоий шаҳридаги “Ёшлик” ўйингоҳида Суперлиганинг 1-туридан ўрин олган “Қизилқум” – “Андижон” учрашуви бўлиб ўтди.
Ўтган йилги мавсумда 25 очко тўплаб, Суперлигада қолиш вазифасини уддалаган “Қизилқум” жамоаси жорий йилда юқори натижаларни кўзлаган ҳолда таркибини бир қатор истеъдодли ва легионер футболчилар билан кучайтирди.
Тенг курашлар остида ўтган ўйиннинг биринчи бўлимининг дастлабки дақиқаларини жамоалар бир-бирини ўрганишга сарфлади.
Биринчи бўлим ўрталаридан кейин майдон эгаларининг ҳужумлари хавфли тус ола бошлади. Шундай ҳужумларнинг бирида меҳмонлар дарвазабони Низомиддин Зиёвутдинов Жамшид Ҳасановни қўполлик билан тўхтатиб қолишга мажбур бўлди.
Натижада ўйинни бошқариб бораётган Фирдавс Норсафаров меҳмонлар дарвозасига 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. Пенальтини эса “Қизилқум” жамоасининг 7-рақамдаги ярим ҳимоячиси Ойбек Қиличев аниқ амалга оширди ва мезбонларни олдинга олиб чиқди.
Ўтказиб юборилган голдан кейин “Андижон” ўйинчилари олдинга ташланди. Аммо Жасур Жалолиддинов ва Дониёр Исмоиловнинг уринишлари бесамар кетди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунига етди.
Иккинчи бўлимда ҳар иккала жамоа ўйинчилари ҳужумни кучайтирди. Меҳмонлар ҳисобни тенглаштириш, мезбонлар эса ҳисобни янада оширишни мақсад қилди.
Ўйин давомида дарвозалар олдида содир этилган бир қатор хавфли вазиятлар дарвазабонлар ва ҳимоячиларнинг фаоллиги эвазига бартараф этилди.
Якунда ўйин 1:0 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлди ва навоийликлар дастлабки 3 очкони қўлга киритди.
Абдували Бўриев, ЎзА