Мавсумга пухта тайёргарлик кўрилмоқда
Навоий вилоятида ғалла ўрим-йиғимини уюшқоқлик билан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Навоий вилоятида ғалла ўрим-йиғимини уюшқоқлик билан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Техника воситалари – комбайнлар, трактор ва тиркамалар, шунингдек, ғалла қабул қилиш шохобчалари мавсумга тайёр ҳолга келтирилди. Жойларда кўргазмали-тактик ўқув машқлари ўтказилди. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилди.
– Вилоятда 1 минг 143 фермер хўжалиги ғалла етиштиришга ихтисослашган бўлиб, жорий йилда улар 100 минг тоннага яқин сара дон топширишни режалаштирган, – дейди Навоий вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси деҳқончилик бўлими бошлиғи Фаррух Ҳамроев. – 43 минг 400 гектар майдонда парваришланаётган “Аср”, “Нота”, “Гром” ва “Андижон-2” буғдой навлари ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олишга барча куч сафарбар этилган. Айни пайтда фермерлар ҳосилдорликни кўпайтириш мақсадида агротехник тадбирларни ўз вақтида бажармоқда.
Йиғим-терим мавсумида 103 замонавий ўрим комбайни фермерларга хизмат кўрсатиши учун тайёр ҳолга келтирилди.
– Ерга ўз вақтида сифатли ишлов бериш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш мўл ҳосил гаровидир, – дейди Хатирчи туманидаги “Ғофуржон Абдухолиқов” фермер хўжалиги раиси Бобошер Холиқов. – Ўтган йили 24 гектарда етиштирилган ғалланинг ҳар гектаридан 80 центнердан ҳосил олган эдик. Жорий йилда бу кўрсаткични 90 центнерга етказишни режалаштирганмиз.