Мавсумга пухта тайёргарлик кўрилмоқда
Наманган вилояти Мингбулоқ туманида пахта йиғим-терими мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш масаласига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Наманган вилояти Мингбулоқ туманида пахта йиғим-терими мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш масаласига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.Вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, фермерлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Вилоятда жорий йилда пахтачиликка ихтисослашган 2 минг 600 дан зиёд фермер хўжалиги тасарруфидаги 82 минг 600 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда. Барча агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилаётгани шартномада белгиланган 230 минг тонналик хирмон кўтарилишига пухта замин яратмоқда.
Семинар иштирокчилари Мингбулоқ туманидаги “Сайдали ҳожи” фермер хўжалигида бу борада олиб борилаётган ишлар билан танишди.
– Эллик гектарга яқин майдонда ғўзанинг “Андижон-35” навини парваришламоқдамиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Машраббой Акбаров. – Шартнома режасида гектаридан 40 центнердан ҳосил кўтариш кўзда тутилган. Хўжалигимиз аъзоларининг фидокорона меҳнати ва давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор туфайли ҳосилимиз чўғи яхши, давлатга режадаги 160 тонна ўрнига 200 тонна қимматбаҳо саноат хомашёси етказиб беришни мақсад қилганмиз. Ҳозирги кунда етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиб-териб олиш учун пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Фермер хўжалигининг шинам ва замонавий дала шийпони жорий таъмирдан чиқарилиб, кўркам қиёфага келтирилган. Ҳашарчилар учун тахт қилиб қўйилган юз кишилик ётоқхонада санитария-гигиена, маиший, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа талабларга жавоб берадиган шароит яратилган. Теримчилар саломатлигини малакали тиббиёт ходимлари назорат қилиб боради. 38 турдаги энг зарур дори-дармон воситалари захираси яратилган. Дала шароитида овқатланишга мўлжалланган стол ва ўриндиқлар, кўчма ошхона анжомлари, бўш вақтни мазмунли ўтказиш учун ташкил этилган маънавият хоналари меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Терим суръатини таъминловчи техник таъминот – пахта ташиш учун трактор ва прицеплар, тош-тарози ва бошқалар тахт қилиб қўйилган.
Жорий йилда туманда 16 минг гектардан зиёд майдонда пахта етиштирилди. 400 дан ортиқ фермер хўжалиги майдонларида пишиб етилган пахта ҳосилини юксак уюшқоқлик билан йиғиб-териб олиш учун 340 отряд тузилди.
– Отрядларнинг тизимли равишда ишлашини таъминлаш мақсадида бир қатор илмий асосланган чора-тадбирлар белгиланган, – дейди Мингбулоқ тумани ҳокими Хайрулло Бозоров. – Жумладан, пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мавсумни уюшқоқлик билан ўтказишга доир асосий тавсиялар ишлаб чиқилиб, барча фермер хўджаликлари ва бошқа дахлдор ташкилотларга тарқатилди.
Тавсияларда, жумладан, пахта йиғим-теримига теримчиларни эркин ёллаш ва улар билан шартномалар тузиш механизми, мавсумда халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларига риоя этилиши, йиғим-терим иштирокчилари учун санитар-маиший шароитлар яратиш, отрядларни озиқ-овқат махсулотлари билан таъминлаш ва овқатланишини ташкил этиш, тиббий хизмат ва дори-дармон таъминотини йўлга қўйиш, меҳнат муҳофазаси талабларига риоя қилиш, маданий-маърифий ишлар ва рағбатлантириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Кўргазмали семинарда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқди.