Мавсум яқин, ваъдалар фақат қоғозда қоладими?
Куз -қиш мавсумига ҳозирлик борасида жуда кўп гапирилади, қарорлар қабул қилинади, масъуллар тайинланиб, маблағлар ажратилади.
Куз -қиш мавсумига ҳозирлик борасида жуда кўп гапирилади, қарорлар қабул қилинади, масъуллар тайинланиб, маблағлар ажратилади.
Лекин аҳолини қийаётган масалалар кундан кунга кўпайиб бораверади. Уйлар томи ва иссиқлик қувурларини таъмирлаш, кириш йўлакларини созлаш, синган ойналарни алмаштириш кун тартибига чиқади.
Қизиқ жиҳати, бу ишлар айни куз-қиш мавсумида ҳамма жойда бирдек муаммо бўлиб қолади. Фарғона вилоятида ҳам жорий йилда бу борадаги тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, муайян ишлар бажарилмоқда.
Бугунги кунда долзарб масалалар Фарғона шаҳрида қандай ҳал этилмоқда? Аҳолининг бу борадаги талаб ва эҳтиёжларини қондириш учун қандай чора-тадбирлар белгиланган?
-Жорий мавсумда 95 та кўпқаватли уй- жойларни таъмирлаш учун тижорат банклари томонидан 1 миллиард 650 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари жалб этилади,- дейди Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Дилмурод Бекмирзаев. - Ҳозирга қадар 19 та кўпқаватли уйнинг том қисми жорий ва мукаммал таъмирдан чиқарилди. Кириш йўлакларини мавсумга ҳозирлаш, темир эшиклар ўрнатиш борасида белгиланган вазифалар ижроси босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Бундан ташқари, 30 та кўп қаватли уйнинг электр тақсимлаш шитлари, 1470 погонметр иссиқлик тик қувурларини созлаш, фрамугаларига пластик ромлар ўрнатиш ишлари олиб бориляпти.
Иқтисодиёт тармоқлари, кўп қаватли уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича ишларнинг айримлари фақат қоғозларда қолмоқда. Хусусан, уй олди қисмини бетон қопламалар билан қоплаш, кичик йўл ва йўлаклар, болалар майдончалари қуриш, ирригация тармоқларини таъмирлаш ишлари ҳали бошлангани йўқ. Мутасаддилар белгиланган ишларни поёнига етказиш учун ҳали вақт борлигини айтишмоқда.
Муаммонинг ечими бор
Алишер Навоий мавзесида жойлашган кўпқаватли уйларда яшовчи аҳолига марказлашган иссиқ сув, иссиқлик етказиб бериш ҳануз муаммолигича қолмоқда. Қишли – қировли кунларда уй-жойларни иситиш истагида бўлган фуқаролар уйдаги газ плиталари ёки электр иситиш мосламаларидан фойдаланиб келади. Айримлар эса мустақил иситиш қурилмалари қуриб олган ҳолда “жон” сақлайди. Бу эса, айни куз - қиш мавсумида табиий газ ва электр таъминотида етишмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
-Президентимизнинг “2018 - 2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Алишер Навоий мавзесидаги марказий иссиқлик тизимига уланмаган 234 та кўп қаватли уйларда аллоҳида иссиқлик тежовчи локал қозонхоналар ўрнатиш юзасидан таклиф ва лойиҳалар ишлаб чиқилган, -дейди Фарғона вилоят “Иссиқлик манбаи” корхонаси назорат бўлими бошлиғи Абдулазиз Қўлдошев. - Аммо таклиф қилинган лойиҳалар ҳали молиялаштирилгани йўқ. Бу кўп қаватли уйларни иссиқлик ва иссиқ сув билан таъминлашда ўзига хос муаммолар келтириб чиқишига сабаб бўлиб қолмоқда.
Лифт - ҳамон оғриқли масала
Фарғона шаҳрида 76 та кўп қаватли уй-жойда яшовчи аҳоли литфдан фойдаланиб келишади. Бугунга келиб маънавий эскирган 20 дан ортиқ лифтларни таъмирлаш билан боғлиқ ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ, “Водий Нодирабегим” хусусий уй-жой ширкатига қарашли учта кўпқаватли уйларда лифт ишламайди.
-Ҳудудимиздаги Янги аср кўчасидаги 76, 78, 80 - кўп қаватли уйлардаги лифтлар қачон ишлаганини эслай олмайман, - дейди “Юлдуз” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раънахон Аҳмаджонова. – Лифтларнинг доимий ишлаб туриши кўп қаватли хонадонларда яшовчи аҳолининг ҳамжиҳатлигига ҳам боғлиқ. Чунки уларни таъмирлаш, назорат қилиш учун маълум миқдорда пул тўлаш талаб этилади. Лекин ҳамма ҳам ”беминат” дастёрнинг хизматидан фойдаланишни хоҳламайди. Қолаверса, лифтларнинг мунтазам ишлашини таъминлаш учун эҳтиёт қисмлар ва мутахассислар етишмайди.
Қишнинг ҳар бир куни, ҳар дақиқаси синов. Бу фаслни беталофат ўтказиш эса мавсумга тайёргарлик кўриш борасида белгиланган чора-тадбирларнинг амалий ижросига боғлиқ.
