Матонатли велоспортчиларимизнинг ёрқин ғалабаси
Малайзияда пара велоспортнинг трек йўналиши бўйича ўтган Осиё чемпионати ўз якунига етди.
Мусобақанинг сўнгги куни ҳам вакилларимиз учун муваффақиятли кечди. Эркаклар ўртасида С2 классида Ғолиб Мирзаёров 2 та бронза, С3 классида Авазхон Палванов олтин ва кумуш, С4 классида Аброр Ибраимов кумуш ва бронза, С5 классида Азимбек Абдуллаев олтин ва кумуш, худди шу классда Боймурод Явқочев кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.
Терма жамоамизнинг қитъа биринчилигида қўлга киритган медаллари сони 15 тага етди. 3 таси олтин, 7 таси кумуш ва 5 таси бронза.
Яна бир эътиборли жиҳати, спортчиларимиз трек бўйича Осиё чемпионатида илк бор иштирок этганига қарамай, умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Таиландда пара велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида терма жамоамиз аъзолари 7 та медалга сазовор бўлганди. Шу тариқа пара велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари шоссе ва трек йўналишларида ўтказилган Осиё чемпионатларида жами 22 та медалга эга чиқди, дейилади Миллий паралимпия қўмитаси хабарида.
Т. Рўзиев, ЎзА