Матонатли шахматчиларимиз жаҳон чемпионатида қатнашмоқда
Шу кунларда Францияда шахмат бўйича кўзи ожизлар, заиф кўрувчи ёшлар ва аёллар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда.
Чемпионатда аёллар ўртасида 18 та давлатдан 26 нафар, ёшлар ўртасида эса 13 та давлатдан 13 нафар шахматчи ғолиблик учун дона сурмоқда.
Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Муросасиз баҳсларда мамлакатимиз шарафини Аҳадхон Кимсанбоев ҳамда Дурдона Жуманова ҳимоя қилмоқда.

Биринчи турда Кимсанбоев швециялик Тога Жохадсон, Жуманова португалиялик Жозефа Спайчела устидан ғалаба қозонди. 2-тур баҳсларида Аҳадхон польшалик Мичал Ракисга қарши дона сурди ва дуранг натижа қайд этди. Дурдона индонезиялик Тита Пуспитага қарши “ақл жанги”ни олиб борди, аммо омад кулиб боқмади.
3-турда Кимсанбоев испаниялик Сан Хуан Сантин Аронга қарши, Жуманова эса колумбиялик Франко Перризга қарши дона суради.
Шахмат бўйича кўзи ожизлар ва заиф кўрувчи ёшлар ва аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати 17 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА