Матонатли муаллим давлат мукофотига сазовор бўлди
Давлатимиз раҳбарининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан Фарғона туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактабининг тасвирий санъат ва чизмачилик фанлари ўқитувчиси Шуҳрат Ўринбоев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Бу мукофот матонат ва истеъдод соҳибига бўлган юксак эътибор ифодаси бўлди.
Шуҳратжонни нафақат Фарғона вилоятида, балки юртимизда ҳам яхши танишади.У ижтимоий тармоқларда анча машҳур. Фарғона туманининг Чимён қишлоғида туғилган, ноёб қобилиятга эга бу йигит чизган суратлари билан ҳаммани ҳайратга солиб келмоқда.
Афсуски, унга тақдир жисмонан бут жуссани насиб этмади. У икки қўлсиз, оёғи мажруҳ дунёга келди. Лекин у шунга қарамай тақдирга қасдма-қасд курашиб яшамоқда. Бор жасоратини ишга солиб, иқтидорини намоён этиб келмоқда. Ногиронлигига қарамасдан меҳнатдан қочмади, барча уй ишларини ўз зиммасига олган.

У болалигидан рангтасвирга қизиқди ҳамда унинг сир-асрорини қунт билан ўрганди. Илк чизган расмларида табиат манзараларини акс эттирган бўлса, кейинчалик турли мавзуларни қамраб олди. Шуҳрат Ўринбоев бир қатор мамлакатимиз ва хорижий давлатларда ўтказилган танловларда қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди.
1999 йилда Тошкент шаҳрида Ўрта Осиё миқиёсида бўлиб ўтган “Ранглар жилоси” кўрик-танловида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, Жанубий Корея давлатида даволаниш йўлланмасини қўлга киритган. 2004 йили Фарғона давлат университетининг тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишига ўқишга қабул қилинди.Талабалик даврида ҳам ўзининг ижодий фаолияти билан барчага ўрнак бўла олди. 2005 йилда “Жасорат” медали билан тақдирланган. 2011 йилдан буён 15- сонли ўрта таълим мактабида тасвирий санъат фанидан ўқувчиларга дарс бериб келмоқда. 2018 йилда Республика Бадиий академияси ташаббуси билан ўзининг шахсий кўргазмасини ўтказиб, “Энг яхши ижодкор рассом” номинациясида ғолиб бўлди.
Фарғонада бўлиб ўтган Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами тадбирида бир гуруҳ мукофотланганлар қаторида Шуҳратжон Ўринбоевга ҳам “Меҳнат шуҳрати” ордени тантанали топширилди.
–Бундай юксак эътибордан, Президентимизнинг рағбатидан жуда ҳам миннатдорман, –дейди у.
М.Сулаймонов,
ЎзА мухбири.