Матонатли футболчиларимиз тантанали кутиб олинди
Халқаро мусобақаларда ғолиб бўлиш, Ватан шаънини улуғлаш ҳар қандай спортчининг буюк орзуси. Бугун бундай фахрли туйғуни юрагидан ҳис этган юзлаб спортчиларимиз борки, улар халқимиз саломатлигининг ёрқин ифодаси, дейиш мумкин.
Куни кеча мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида олимпия ва паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш, оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, “спорт – соғлом халқ, соғлом жамиятнинг таянч устунидир. Шу билан бирга, спорт – бу, аввало, тинчлик элчиси, ҳар бир давлат учун миллий ғурур манбаи”, ҳисобланади.

Бугун, 14 феврал тунда айнан шу ҳис билан Осиё чемпионлигига эришган Ўзбекистон ампутант футболчилар терма жамоаси пойтахтимиздаги Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Айтиш лозим, Бангладешда ирода соҳиби бўлган ампутантлар ўртасида илк бор ташкил этилган Осиё чемпионатида миллий терма жамоамиз дастлабки турда Индонезияни 8:1, ундан кейин Непал жамоасини 13:0, Бангладешни ўз майдонида 3:0, Ироқни 3:0 ва финалда Индонезия терма жамоасини 6:0 ҳисобида мағлуб этди. Қитъа чемпионига айланган ампутант футболчиларимиз шарафига олис Бангладешда Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янгради.


Матонат ва жасорат соҳибларини кутиб олиш маросимида спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов, Миллий паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари Ҳ.Тошматов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби А.Махсумов, Адаптив спорт турлари ассоциацияси мутахассислари, кенг жамоатчилик вакиллари, ғолиб спортчиларнинг яқинлари иштирок этди.
Т.Рўзиев, ЎзА