Матонат соҳиблари крикет билан шуғулланади
Мамлакатимизда имконияти чекланган, ногиронлиги бор инсонлар бундан буён крикет спорт тури билан ҳам шуғулланиши мумкин.
Бу ҳақда пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 66-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда крикет бўйича мураббий ва спортчилар иштирокида ўтказилган илк ўқув-машғулот жараёнида Ўзбекистон крикет федерацияси бош котиби Жаҳонгир Муродов таъкидлади.

Машғулот давомида ногиронлиги бор ва имконияти чекланган ёшларга крикет спорт турининг қоидалари тушунтирилди. Ўқув-машғулотда қатнашган, кўргазмали баҳсларни бевосита кузатган матонат ва ирода соҳиби бўлган ёшлар крикет спорт турига қизиқиши ортгани ва машғулотларда иштирок этиш, ушбу спорт тури бўйича жамоалар тузиш истаги борлигини билдиришди. Бу борада федерацияси вакиллари ёшлар учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришни ўзларининг асосий вазифаси сифатида қабул қилишди.

Айтиш лозимки, ушбу саъй-ҳаракатлар мамлакат крикет федерацияси ва Ўзбекистон ногиронлар жамияти ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми асосида амалга оширилмоқда.
И. Раҳмонов, ЎзА