Матонат майдонидаги ғалаба
Жиззахда ўсмирлар ўртасида голбол бўйича мамлакат чемпионати нафақат ғолибларни аниқлади, балки ирода, жасорат ва имкониятлар чегара билмаслигини яна бир бор намоён этди. Бир неча кун давом этган баҳсларда ёш спортчиларнинг матонати ва маҳорати томошабинлар эътиборини тортди.
Жиззах вилояти сўнгги йилларда паралимпия спортини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари билан алоҳида эътибор қозонмоқда. Бу борада навбатдаги муҳим спорт тадбирларидан бири — голбол бўйича ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилди.

Вилоятдаги Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослашган спорт мактабида ташкил этилган мамлакат чемпионатига республиканинг турли ҳудудларидан 12 дан ортиқ жамоа жам бўлди. Мусобақанинг тантанали очилиш маросими кўтаринки кайфият ва ҳақиқий спорт байрами руҳида ўтди.

Беллашувлар давомида ҳар бир учрашув кучли рақобат, юқори суръат ва муросасиз курашларга бой бўлди. Майдонга чиққан ҳар бир ёш спортчи нафақат ғалаба учун, балки ўз имкониятлари ва салоҳиятини намоён этиш учун ҳам астойдил ҳаракат қилди. Бу эса мусобақага ўзига хос мазмун ва таъсирчанлик бағишлади.

Голбол дунёда кўзи ожиз ва кўриш имконияти чекланган инсонлар учун яратилган энг оммавий жамоавий спорт турларидан бири ҳисобланади. У 1946 йилда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини реабилитация қилиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Паралимпия ўйинлари дастуридан мустаҳкам ўрин олган. Мазкур спорт тури иштирокчилардан нафақат жисмоний тайёргарлик, балки юқори даражадаги диққат, тезкор қарор қабул қилиш ва жамоавий ҳамжиҳатликни талаб этади.

Бир неча кун давом этган қизғин баҳслар якунида мезбонлар ишончи тўлиқ оқланди. Чемпионатда Жиззах вилояти жамоаси барқарор ўйин, пухта тайёргарлик ва юқори маҳорат намойиш этиб, мамлакат чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.

Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин Жиззах вилояти жамоасига насиб этган бўлса, Қашқадарё вилояти спортчилари кумуш медалларни қўлга киритди. Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари эса бронза совриндорлари сифатида шоҳсупага кўтарилди.

Мутасаддилар таъкидлаганидек, бундай мусобақалар имконияти чекланган ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва жамиятда фаол ҳаёт кечиришлари учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда. Энг муҳими, чемпионат иштирокчилари намоён этган ирода ва матонат ҳар қандай муваффақиятнинг асосида ишонч ва меҳнат ётишини яна бир бор исботлади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири