«Матонат майдони»да ҳарбийлар куч синашди
Сирдарё туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматчилар ўртасида «Матонат майдони» телелойиҳаси доирасида ҳарбий-спорт мусобақаси ўтказилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда Сирдарё телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилган беллашувда ёш ҳарбий хизматчилар жисмоний тайёргарлик, чаққонлик, чидамлилик ва топқирлик борасида ўз маҳоратларини намоён этдилар.
Иштирокчилар ҳарбий эстафета, арқон тортиш, турникда тортилиш, арқон ёрдамида юқорига кўтарилиш, жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, билим ва тезкор фикрлашни талаб этувчи савол-жавоб шартлари бўйича беллашдилар.
[gallery-32335]
Қизғин кечган синовларда ҳарбий хизматчиларнинг нафақат жисмоний имкониятлари, балки иродаси, қатъияти, ўзаро ишончи ва жамоавий ҳамжиҳатлиги ҳам яққол намоён бўлди.
Эътиборлиси, мусобақа якунида жамоалардан бирортаси устунликка эришмади. «Лочинлар» ва «Сарҳадлар» жамоалари бир хил балл тўплаб, дуранг натижани қайд этдилар.
Беллашувда фаол иштирок этган ҳарбий хизматчилар ташкилотчиларнинг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА