Математика йўналишида халқаро ҳамкорлик
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан математика фанини чуқурлаштирилган ҳолда ўрганиш, ушбу соҳада таълим сифатини ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан математика фанини чуқурлаштирилган ҳолда ўрганиш, ушбу соҳада таълим сифатини ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Унда ушбу йўналишда таълим олаётган ва илмий-тадқиқотлар билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, чет элдаги олий таълим муассасалари ҳамда илмий ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган.
Қарши давлат университетида жорий йилнинг 23-24 октябрь кунлари Амалий математика кафедраси ташаббуси билан “Математик моделлаштириш, ҳисоблаш математикаси ва дастурий таъминот инженериясининг долзарб муаммолари” мавзусида хорижий олимлар иштирокида бўлиб ўтган республика илмий конференцияси ана шу мақсадни кўзлаб ташкил этилди.
Анжуман Zoom платформаси орқали online шаклда ўтказилди. Конференция кун тартибидаги ялпи мажлисда хорижий олимлардан Россия фанлар академияси Сибирь бўлими ҳисоблаш математикаси ва математик геофизика институти лабораторияси мудири, профессор Х.Х.Имомназаров, Беларусь давлат университети профессори В.Б.Таранчук каби хорижий ва мамлакатимиздаги ўнлаб олий таълим муассасаларининг математиклари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Илмий анжуманнинг биринчи секциясида математик моделлаштиришнинг долзарб муаммолари, ҳисоблаш математикасининг замонавий усуллари, иккинчи секциясида дастурий инжиниринг ривожланишининг замонавий тенденциялари, математик усулларнинг табиатшуносликда қўлланиши, учинчи секциясида математика ва информатика ўқитиш назарияси ва методикаси, рақамлаштиришнинг долзарб муаммолари ўрин олди. Секция ишларида 100 дан ортиқ маърузалар конференция иштирокчилари томонидан тингланди ва муҳокама қилинди.
Мазкур илмий конференция кун тартибидаги илмий йўналишларни янада ривожлантиришга, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтиришга, фан ва таълим соҳаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиши билан аҳамиятли бўлди.