Математика ўқитувчиларининг малакаси оширилмоқда
Геология фанлари университети томонидан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 241-умумтаълим мактабида ўқув-услубий семинар ташкил этилди.
“Геология фанлари университети куни” доирасида 10 та мактаб ўқитувчилари ўртасида ташкил этилган тадбирда Давлат геология қўмитаси, туман ҳокимлиги, халқ таълими бўлими вакиллари, умумтаълим мактабларининг математика фани ўқитувчилари иштирок этди.
Тадбир икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида математика фани ўқитувчилари учун ўқув-услубий семинар, иккинчи қисмида эса “Тўпламлар назарияси элементлари” мавзуида маҳорат дарслари ўтказилди.
– Маълумки, 2020 йил 30 октябрь куни Президентимиз раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор бўлиб ўтди, – деди туман халқ таълими бўлими услубчиси Манзура Ғуломова. – Видеоселекторда давлатимиз раҳбари умумтаълим мактаблари фаолиятини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг касбий ва педагогик маҳоратини янада ошириш, ўқувчиларнинг илм-фан ва касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини кучайтириш, уларнинг билим ва дунёқарашини янада ошириш мақсадида олий таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактаблари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш вазифасини белгилаб берган эди.
Мазкур топшириқ ижроси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирдан мақсад ҳам математика фани ўқитувчиларига услубий ёрдам кўрсатиш, математика фани ўқитувчилари ва университет профессор-ўқитувчилари ўртасидаги ўқув-услубий алоқаларни кенгайтириш, ўқитувчиларнинг маъсулиятини ошириш, университет ва умумтаълим мактаблари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш. Бундай тадбирлар келгусида ҳам мунтазам ўтказиб борилади.
Ўзаро самарали мулоқот майдонига айланган тадбир доирасида умумтаълим мактабларининг математика фани ўқитувчилари ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.
[gallery-718]
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА