Матбуот котиблари билан учрашув
Ҳар бир ташкилот ёки вазирлик фаолиятини кенг жамоатчиликка муваффақиятли тақдим этишда матбуот хизмати беқиёс ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Асаджон Хўжаев давлат органлари ва ташкилотлар ахборот хизматлари раҳбарлари билан ўтказган учрашувда бу борадаги фикрлар ўртага ташланди.
Агентлик маълумотига кўра, учрашувда ахборот хизматлари ва матбуот котибларининг фаолияти ва уни ижтимоий тармоқларда ёритиш даражаси, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик мурожаатларига тезкор муносабат билдириши ҳамда белгиланган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида бажариш интизоми муҳокама қилинди.
Тадбирда А.Хўжаев ахборот хизматлари раҳбарлари томонидан тақдим этилган медиа-режага мувофиқ матбуот анжуманлари тизимли ташкил этилмаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга, матбуот котибларининг фаолияти, ишлаш жараёни ҳар ойда баҳоланиб борилиши, яхши натижа кўрсатган раҳбарлар мукофотлаш ва рағбатлантиришга тавсия этилиши қайд этилди.
Шунингдек, фаолияти юқори баҳоланган матбуот котиблари алоҳида таъкидланиб, сусткашликка йўл қўяётган ахборот хизмати раҳбарларига йўл-йўриқ кўрсатилди.
– Имконият кутиб ўтирмасдан, уни излаш керак. Замон билан тенглашиб ишлаш керак, — деди агентлик раҳбари.
Учрашувда матбуот котибларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, муаммолар ечимини ҳамкорликда ҳал этиш истиқболлари белгиланди.
Н.Усмонова, ЎзА