Масъуллар фуқаролар мурожаатини эшитди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхоналарида Президент маслаҳатчиси ўринбосари У. Муҳаммадиев раҳбарлигида ички ишлар ва прокуратура тизими билан боғлиқ масалалар бўйича сайёр қабуллар ўтказилмоқда.
Бугун куннинг биринчи ярмида вилоят Халқ қабулхонасида Самарқанд шаҳри, Нуробод, Пастдарғом ва Самарқанд туманлари фуқароларининг ички ишлар ва прокуратура тизими билан боғлиқ мурожаатлари вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси мутасаддилари томонидан эшитилиб, тегишли тартибда кўриб чиқиш бўйича масъулларга йўналтирилди. Тизим масъулларидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, ички ишлар билан боғлиқ масалалар бўйича ўттизга яқин мурожаат қайд қилинган бўлса, прокуратурага оид масалалар билан сайёр қабулга келган фуқаролар сони 60 нафарни ташкил этди. Мурожаатларнинг аксарияти тергов жараёнлари, ер муносабатлари билан боғлиқ муаммолардан иборат бўлди. Сайёр қабул куннинг иккинчи ярмида Пайариқ туманида мазкур туман ҳамда Иштихон, Қўшработ ва Оқдарё туманлари аҳолиси учун ўтказилмоқда. Вилоятнинг қолган ҳудудлари фуқаролари учун эртага, 31 октябрь куни Каттақўрғон шаҳри ва Тойлоқ туманида қабуллар ташкил этилиши кўзда тутилган.
[gallery-14281]
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари